Ссылки доступа

Байден: АҚШ Украинага бир нечта ракета тизимларини етказиб беради


Президент США Джо Байден
Президент США Джо Байден

Қўшма Штатлар Украинани Россия билан урушда «жанг майдонидаги асосий нишонларни янада аниқроқ уриш имконини берадиган» чекланган миқдордаги «илғор ракета тизимлари» билан таъминлайди.

Шу билан бирга, Байденнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Украинани «ўз чегараларидан ташқарида зарба бериш»га ундамайди ва рухсат бермайди.

Ney York Timesда Байденнинг мақоласи эълон қилинганидан сўнг, АҚШ маъмуриятининг исмини ошкор қилишни истамаган юқори мартабали мулозими журналистларга Украинага 80 километргача учадиган HIMARS кўплаб ракета тизимлари тақдим этилишини айтди.

Қўшма Штатлар бундай қурилмаларни қанча миқдорда тақдим этишга тайёрлиги ҳозирча номаълум. Узоқ масофадан отиш учун аниқ бошқариладиган ўқ-дорилар Киевга етказилмайди, деди АҚШ маъмурияти расмийси.

NYT нашрида Байден АҚШ Россия ва НАТО ўртасида тўғридан-тўғри можаро бўлишини истамаслигини ва Москвада президент Путинни ағдариш учун чоралар кўрмаслигини таъкидлади. АҚШ президенти, шунингдек, урушни тезроқ тугатиш учун Киевдан Россияга ҳудудий имтиёзлар олиш учун Украинага босим ўтказиш ниятида эмаслигини таъкидлади. Украина ва Россия ўртасидаги тинчлик музокаралари тўхтаб қолди, чунки «Россия Украинанинг имкон қадар кўп қисмини назорат қилиш учун уруш олиб боришда давом этмоқда», деб ёзади Байден.

Америка президентининг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Украинани қурол-яроғ билан таъминлашда ва Россияга иқтисодий ва сиёсий босим ўтказишда давом этади. «Владимир Путин биздан бунчалик бирдамликни кутмаган эди. У хато қилди. Агар яқин ойларда позициямиз ўзгаради ёки сафимизда бўлиниш бўлади деб кутса, бунда ҳам адашади».

Шу билан бирга, Байден НАТО Россия билан урушга бормаслигини ва Қўшма Штатлар Москванинг Украинада ядро қуролини қўллаш ниятида эканлигидан ҳеч қандай аломат кўрмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров аввалроқ Украинани Россия ҳудудига етиб бора оладиган қурол-яроғ билан таъминлаш можаронинг «қабул қилиб бўлмас даражада авж олиши йўлидаги катта қадам» бўлишини айтган эди. Лавровнинг таъкидлашича, НАТО Украинага қурол етказиб бериш орқали Россия билан прокси урушга киришмоқда.

Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери Қўшма Штатлар Киевга 4 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган.

Бу ҳозиргача тасдиқланган 11ғпакет ва Конгресс томонидан яқинда маъқулланган 40 миллиард доллардан фойдаланган биринчи пакет бўлади.

Ракета тизимларини АҚШдан олиб ўтиш ва украиналик ҳарбийларни улар билан ишлашга ўргатиш учун камида икки ҳафта керак бўлади.

XS
SM
MD
LG