Ссылки доступа

Беларусда 257 мухолифатчи ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишда айбланмоқда


2023 йилнинг охиридан Беларуснинг мустақил парламенти ҳисобланмиш Мувофиқлаштириш кенгаши аъзоларига нисбатан тазйиқларнинг янги тўлқини бошланди. 

Минск Беларус мухолифатининг Мувофиқлаштириш кенгашига номзод бўлган 257 кишига нисбатан жиноий иш қўзғатди.
Улар, жумладан, ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринишда айбланмоқда. Бу ҳақда Беларус Тергов Қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишдан ташқари, мухолифатчилар миллий хавфсизликка қарши ҳатти-ҳаракатда, экстремистик ташкилотни тузишда ҳамда экстремистик фаолиятга кўмаклашишда айбланмоқда.

Беларус Тергов қўмитасининг иддаосига кўра, ушбу мухолифатчилар 12 та турли «экстремистик» ташкилотларнинг аъзоларидир.

“Ўрнатилган тартибга кўра, уларга тегишли бўлган кўчмас ва бошқа мулк аниқланди, у ерда тинтув ўтказилди ва бу мулклар мусодара қилинмоқда", деб хабар берди ТҚ.

Беларус мухолифатининг Мувофиқлаштириш кенгаши 2020 йил августида Светлана Тихановская ташаббуси билан мамлакатдаги сиёсий инқирозни бартараф этиш учун тузилган. Мустақил парламент вазифасини бажараётган ушбу ташкилот АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳукуматлари томонидан тан олинган.

Мувофиқлаштириш кенгашининг баъзи аъзолари ҳибсга олинди, қолганлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган, бироқ кенгашнинг ўзи ҳамон фаолият юритмоқда.

2023 йилнинг охирида кенгаш аъзоларига нисбатан тазйиқларнинг янги тўлқини бошланди: уларнинг ва яқинларининг хонадонларида тинтувлар ўтказилмоқда, кенгаш аъзоларининг мол-мулки мусодара қилинмоқда, ўзларига нисбатан янги, жумладан, давлатга хиёнат бўйича ҳам, жиноий ишлар очилмоқда.

2024 йилнинг баҳорида Мувофиқлаштириш кенгашига биринчи тўғридан-тўғри сайловлар бўлиб ўтиши керак, унга 112 киши сайланади.

Беларусда Мувофиқлаштириш Кенгаши "экстремистик ташкилот" деб тан олинган.

XS
SM
MD
LG