Ссылки доступа

Блинкен Лавровга қўнғироқ қилди: АҚШ WSJ журналистини зудлик билан озод қилишга чақирди


Эван Гершкович
Эван Гершкович

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 2 апрель куни телефон орқали мулоқот қилди.

Америка томони ташаббуси билан бошланган суҳбат Россияда жосусликда гумон қилинаётган The Wall Street Journal журналисти Эван Гершковичнинг ҳибсга олиниши ҳақида кетган. Хусусан, Лавров АҚШни “Россиянинг қонунчилиги ва халқаро мажбуриятлари асосида қабул қилинган қарорларини ҳурмат қилишга” чақирган.

“Вашингтон расмийлари ва Ғарб оммавий ахборот воситаларининг бу ишга сиёсий тус бериш ниятида шов-шув кўтаришига йўл қўйилмаслиги таъкидланди”, — дейилади Россия ТИВ матбуот хизматида.

Лавров, Кремль ва Федерал хавфсизлик хизмати каби, Гершкович “журналистлик мақоми ниқоби остида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаш, махфий маълумотларни олишга уринаётганда жиноят устида қўлга олинганини” айтди.

Ўз навбатида, Блинкен “Россия томонидан WSJ мухбирининг қабул қилиб бўлмайдиган ҳибсга олинишидан АҚШнинг жиддий хавотирини” билдирди ва Эван Гершковични зудлик билан озод қилишга чақирди. Бундан ташқари Кремлдан ноқонуний ҳибсга олинган АҚШ фуқароси Пол Уиланни ҳам зудлик билан озод этишни сўради.

Шунингдек, томонлар дипломатик ваколатхоналарга ўз ишини амалга оширишга рухсат берувчи муҳит яратиш муҳимлигини муҳокама қилди.

XS
SM
MD
LG