Озодлик суҳбатлашган Муборак тумани ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозими иддаосига кўра, Мирзаева "Муборак газни қайта ишлаш заводи раҳбарларини танқид қилмаслик эвазига пул талаб қилган".
Ҳозирда блогер ҳибсга олинган ва унга нисбатан терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аммо “Озодлик”да мазкур инцидентни тасдиқловчи маълумотлар мавжудмас. Айни пайтда мазкур ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берилмади, жиноят иши тафсилотлари маълум эмас.
Гули Мирзаева ўзининг тармоқлардаги чиқишларида президент Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласи аъзолари, хусусан, тўнғич қизи Саида Мирзиёевани танқид қилиб келган.
У ўз чиқишларидан бирида блогерлар Абдуқодир Мўминов ҳамда Дилдора Боймуродоваларнинг қамалишини уларнинг президент ва унинг оиласига қаратилган танқидий чиқишлари билан боғлайди.
Блогер "Президент оиласини ҳашаматли уйлар қуриб, коррупция ва непотизмга берилганлик"да айблаган.
"Тараққиёт стратегиясини ўқиб чиқдим. Ундан ҳозирча юртимиздаги ягона инсон - тўнғич қизингиз Саида Мирзиёеванинг президент ёрдамчиси лавозимига ишга кўтарилгани ва тараққиёт сари қадам босгани гувоҳи бўлдим. Бошқа ҳеч қандай тараққиётни мен кўрмадим, сезмадим жаноб президент", дейди у ўтган йил 9 октябрида YouTube даги "Ҳақиқат истаб" каналига жойланган видеосида.
Блогерни яқиндан таниган фаолларнинг айтишича, унинг қамалишига Муборак газни қайта ишлаш заводи фаолиятидаги коррупциявий ҳолатларни фош этишга урингани сабаб бўлган.
Мирзаевани яқиндан таниган блогерлардан бирининг айтишича, у ўтган йил ёзида Ўзбекистонда судланган ва йирик миқдорда жаримага тортилган.
Ўша пайтда Россия Федерациясида яшаган Мирзаева Ўзбекистонга миграция хизмати томонидан мажбурий равишда депортация қилингани айтилади.
Охирги бир йилда Ўзбекистонда ўндан ортиқ блогер ва тармоқ фаоллари таъмагирлик ва президентни ҳақорат қилиш айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.
Расмийлар блогерлар касбий фаолияти учун эмас, балки аксар ҳолларда иқтисодий ва молиявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилганини урғулашади.
Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган ой эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистонда 2023 йилда инсон ҳуқуқлари вазияти сезиларли даражада ёмонлашганини қайд этган.
Ташкилотга кўра, йил давомида блогерлар ва журналистларнинг жиноий таъқиб этилгани мамлакатдаги сўз ва фикр эркинлигига жиддий зарба берган.
Ўзбекистон ўтган йили “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича рейтингида 2022 йилгидан 4 поғонага пастлаб, 137-ўринга тушган. Мамлакатда матбуот эркинлиги аҳволи “қийин” деб баҳоланган.