Ссылки доступа

Блогер Отабек Сатторийнинг апелляция суди Самарқанд вилоятида ўтади


Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга нисбатан ўтган ой чиқарилган 6 ярим йиллик қамоқ ҳукми устидан апелляция шикояти Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида кўрилади.

Блогернинг адвокати Умид Давлетовга кўра, бу ҳақда унга аввалроқ Президент порталига ёзган шикоятига жавобан 11 июнь куни расман маълум қилинган. Апелляция шикоятининг қачон кўриб чиқилиши санаси ҳозирча номаълум.

Шу йилнинг 10 май куни Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди 40 ёшли Отабек Сатторийни 6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарганди.

25 дақиқа давом этган суд мажлисида Отабек Сатторий яна бир бор айбсизлигини таъкидлаб, ўзини суд залидан озод қилишни сўраган.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сатторийга чиқарилган ҳукмни Ўзбекистонда сўз эркинлигига берилган зарба ва маҳкама хатоси, деб атаган. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ва Чегара билмас мухбирлар халқаро ташкилотлари ҳам ҳукмни қоралаган.

Адвокат Умид Давлетовнинг айтишича, блогернинг оиласи ва ҳимояси Сатторий ҳибсга олинганидан буён унга нисбатан маҳкаманинг бошқа вилоятда кўрилишини талаб қилиб келаётган эди.

"ЖИБ Самарқанд вилоят суди кўради, деган жавоб келди менга жума куни. Маҳкаманинг қачон бўлиши ҳозирча номаълум", деди адвокат.

Айтишича, у Сатторий билан охирги марта 19 май куни кўришган:

"Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг 8-сонли ҳибсхонасида сақланяпти. Аҳволи яхши, шикояти йўқ", - деди қисқа мулоқотда адвокат.

10 май куни Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айбдор, деб топилган блогер Отабек Сатторийни 6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Орадан бир неча дақиқа ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Сатторий иши бўйича чиқарилган ҳукм юзасидан тезкор баёнот эълон қилди:

"О.Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди", дейилади баёнотда.

Олий суд, шунингдек, "ашёвий далил деб эътироф этилган 1 дона “Vivo-X50” русумли уяли телефон аппарати қонуний эгаси Л. Тўраевга, 1 дона “Redmi 5+” русумли уяли телефон аппарати ва 1 дона “Zotac” русумли компьютер процессори қонуний эгаси судланувчи О. Сатторийга қайтарилиши белгиланди", дея хабар қилган.

Сатторийнинг адвокати Умид Давлетов маҳаллий журналистларга Музработ судининг ҳукмидан норози эканини билдириб, ишни қайта кўриб чиқиш учун Сурхондарё вилоят судига шикоят апелляцияси тақдим этишини айтганди.

Оиласи ва адвокати блогер ўз фаолияти давомида асосан, Сурхондарё вилояти раҳбарларини кескин танқид қилиб келгани боис унга нисбатан маҳкаманинг бу вилоятда холис ўтишига ишонмаслигини айтишган.

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.

Блогер ҳибсга олинган кезда унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 3 та моддаси билан жами 8 та айблов эълон қилинганди. Кейинчалик айбловнинг 3 таси рад этилган.

Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

Жумладан, Human Rights Watch халқаро ташкилоти томонидан 11 май куни ёйинланган баёнотда, мустақил блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши ҳақида суд томонидан чиқарилган ҳукм сўз эркинлигига қарши зарба ва маҳкама хатоси бўлиб ҳисобланади, дейилди.

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича бу йилги рейтингида Ўзбекистон бир поғона пастлаган.

Ташкилот ўтган ой эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонни 180 давлат ичида 157-ўринга қўйган. 2020 йилдаги рейтингда Ўзбекистон 156-ўринни эгаллагани эътиборга олинса, бу йил мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ ҳолат ёмонлашгани англашилади.

XS
SM
MD
LG