Ссылки доступа

Москвада тожикистонлик блогер Жумабой ҳибсга олинди


Блогер нафрат ёки адоват қўзғатиш ҳамда инсон қадр-қимматини камситишда айбланмоқда.

Москвадаги суд ижтимоий тармоқларда Жумабой тахаллуси билан танилган тожикистонлик Салмон Ражабзодани қамоққа олди.

Илгари у уй қамоғида эди, бироқ судья блогер қочиб кетиши мумкин деган қарорга келди. Блогер нафрат ёки адоват қўзғатиш ҳамда инсон қадр-қимматини камситишда айбланмоқда.

Асли тожикистонлик блогер Москва кўчаларидаги қизларга нисбатан турли пранклар (қўпол ҳазиллар) уюштириши билан танилган. Ҳозирда Тергов қўмитаси уни "рус миллатига мансуб аёл-қизларга нисбатан нафрат қўзғатувчи, славян кўринишидаги қизларнинг шаънини камситувчи" видеороликларни суратга олишда ва тарқатишда айбламоқда.

Жиноий таъқибга блогернинг "яқинда барча рус қизлари бизники бўлади" ва "рус Наташаси билан мазза қилдим" мазмунидаги видеороликлари сабаб бўлган. Блоггернинг ўзи видеодаги овоз уники эмаслигини, ўз фаолиятида ҳеч кимга ёмонлик тиламаганини ва миллий адоватга чақирмаганини иддао қилмоқда.

Блоггер 6 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG