Ссылки доступа

Bloomberg Россияда дефолт ҳақида хабар берди


Президент России Владимир Путин и министр финансов Антон Силуанов (архивное фото)

Bloomberg агентлигининг 27 июнь, душанба куни хабар беришича, 27 июнга ўтар кечаси Россия 1918 йилдан буён биринчи марта ташқи қарз бўйича дефолтга учради, чунки давлат облигациялари бўйича муддати ўтган қарийб 100 миллион долларлик тўловларни тўлаш бўйича имтиёзли давр тугади.

Дефолт ҳақида ҳеч қандай расмий эълон бўлмайди. Бу одатда халқаро рейтинг агентликлари томонидан амалга оширилади, бироқ уларнинг барчаси Россиядаги фаолиятини тўхтатиб қўйган, деб таъкидлайди Bloomberg. Шу билан бирга, облигациялар эгалари бундай эълон қилишлари мумкин эди, аммо улар ҳали ҳам пулларининг тўлиқ ёки ҳеч бўлмаганда бир қисмини қайтариш имкониятлари қандай эканлигини баҳолашга ҳаракат қилмоқдалар, деб ёзади агентлик. Кредиторлар томонидан дефолт эълон қилиниши учун облигация эгаларининг тўртдан бир қисми рози бўлиши керак.

Бу большевиклар чор тузуми қарзларидан воз кечган 1918 йилдан бери Россиянинг ташқи қарзи бўйича биринчи дефолтидир, деб ёзади Bloomberg.

Апрель ойида АҚШ Молия вазирлиги вақтинчалик лицензияни янгиламади, у эса санкциялардан истисно қилиб, Россия облигациялари эгаларига Россиядан тўловларни олиш имконини берганди. Ушбу лицензиянинг амал қилиш муддати 25 майда тугади. 27 май оқшомида Россия еврооблигациялари эгалари деярли 100 миллион долларлик купон тўловларини олмаган, шундан сўнг ушбу тўловлар бўйича дефолт эълон қилингунча 30 кунлик ортга ҳисоблаш бошланди.

Санкциялар туфайли Британиянинг Citibank’и Россия бўйича тўлов агенти сифатида ишлашдан бош тортди. Охир-оқибат Молия вазирлиги ушбу функцияларни Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига ўтказди, ҳисоб рақамига маблағларни киритди ва барча мажбуриятларни бажарганлигини эълон қилди. Кейинчалик депозитарий Европа иттифоқи санкцияларининг олтинчи пакетига киритилди. Кремль бу қарорни Брюсселнинг Россияни «сунъий дефолт»га ундашга уриниши деб атади. 22 июнь куни Россия президенти Владимир Путин Россиянинг хорижий валютадаги ташқи қарзи бўйича мажбуриятларни бажаришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги фармонни имзолади, у бундай тўловларни рублда амалга оширишни назарда тутади.

Россия молия вазири Антон Силуанов ўтган ҳафта Россия давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатишга сунъий тўсиқлар яратиш давлатга «дефолт» белгисини илиб қўйиш учун зарур эканлигини айтди. «Лекин тушунадиган одам бу дефолт эмаслигини тушунади. Ростини айтсам, бу бутун вазият фарсга ўхшайди», деди Силуанов.

Loomis Sayles & Company LP’нинг суверен давлатлар бўйича катта таҳлилчиси Ҳасан Малик Bloomberg агентлигига берган интервьюсида: «Бу жуда кам учрайдиган ҳолат, яъни, бошқа ҳукумат мамлакатни тўлаш учун маблағлари бўлса-да, дефолт эълон қилишга мажбурламоқда».

Bloomberg «дефолт ҳодисасини» Россия иқтисодиёти ва «кучли инфляция ва сўнгги йиллардаги энг ёмон иқтисодий таназзулни бошдан кечираётган» руслар учун учун рамзий маънога эга деб атади. «Бу мамлакатнинг иқтисодий, молиявий ва сиёсий жиҳатдан тез яккалаб қолишининг даҳшатли белгисидир», дейилади агентлик маълумотида.

XS
SM
MD
LG