Ссылки доступа

Молдовада собиқ президент Игорь Додон давлатга хиёнатда айбланмоқда


Игорь Додон, Кишинёв, 24 мая 2022 года

Молдованинг коррупцияга қарши прокуратураси собиқ президент Игорь Додонга қарши айблов эълон қилди. Сиёсатчи давлатга хиёнат ва коррупция дохил мамлакат Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбланмоқда.

26 май куни прокурорлар айбланувчини 30 суткага ҳибсга олиш илтимосномаси билан судга мурожаат қилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Додон 72 соатга ҳибс этилган. Собиқ президент ўзининг сиёсий сабабларга кўра таъқиб этилаётганини иддао қилмоқда.

Тергов қаноатича, Додон молдовалик олигарх Владимир Плахотнюкдан пора олган. Бундай хулосага келинишига 2019 йилда тасвирга олинган видеоёзув сабаб бўлган. Яширин камера билан олинган видеода Плахотнюк ўша пайтда амалдаги президент бўлган Игорь Додонга қора пакет бермоқчи бўлгани кўринган. Додон пакетга тегмаган, бироқ “яна халтачангиз билан келдингизми?” деб, уни қандайдир “Костя”га бериб қўйишни сўраган. Видеода Додон билан Плахотнюк парламентда конституциявий кўпчиликни ташкил қилган коалиция тузиш масаласини муҳокама қилишгани акс этган.

Плахотнюк Молдова сиёсатида “кулранг кардинал” деб ҳисобланган, унинг бошчилигидаги Демократик партия мамлакатда етакчи сиёсий кучлардан бири бўлган. Бир неча йил олдин олигархга қарши жиноят иш қўзғатилиши ортидан у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган, унинг тарафдорлари эса сиёсий нуфузларини йўқотишган. Ўша пайтда Плахотнюкка қарши курашда Ғарб қадриятлари тарафдори бўлган мухолифат Додон тарафдорлари билан бир фикрда экани хабар қилинган.

Россияда Плахотнюкка қарши бир нечта жиноят иши очилган. Москва уни халқаро қидирувга берган.

Додон россияпараст сиёсатчи бўлиб ҳисобланар эди. У президентлик чоғида бир неча бор Москвага борган, ҳатто Қизил майдондаги Ғалаба парадида ҳам иштирок этган эди.

XS
SM
MD
LG