Янгиланган рўйхатда 143 кишининг исм-фамилияси зикр этилган. Аввалроқ ҳужум натижасида 140 киши ўлгани маълум қилинган эди.
Қурбонлар рўйхатига исми қўшилган уч киши ҳужумда жароҳат олган кишиларданми ёки янги жасадлар бевосита теракт жойидан топилганми - ҳозирча бу ҳақда маълумот берилгани йўқ.
ФВВ сайтидаги рўйхат дастлабки маълумотлар асосида шакллантирилгани, унга “суд-тиббий текширувлар маълумотларига кўра” тузатишлар киритилиши мумкинлиги айтилган.
“Крокус”га ҳужум 22 март оқшомида амалга оширилган эди. Ўша пайтда бинода 6 мингдан зиёд одам бўлган. Қуролланган бир гуруҳ одам бинода йиғилганларни автоматик қуролдан ўққа тутган ва бинога ўт қўйган. Одамлар автомат ўқлари ва ёнғин туфайли тутундан бўғилиб, жон таслим қилганлар.
Россия ФВВ ходимлари 26 март куни куйиб кулга айланган “Крокус Сити Холл” вайроналари остидаги ишлар якунига етказилгани ҳақида билдирган эдилар. Уларга кўра, айни пайтда у ерда янги жасадларни қидириш ишлари олиб борилаётгани йўқ.