Ссылки доступа

Amnesty International Тожикистон президентини мухолифатчи Шамсиддин Саидовнинг ўғлини озод қилишга чақирди


Абдулло Шамсиддин
Абдулло Шамсиддин

Халқаро Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга Германиядан чиқариб юборилган мухолифатчининг ўғли Абдулло Шамсиддин ишига эътибор қилиш илтимоси билан расман мурожаат қилди.

Абдулло Шамсиддин шу йилнинг 18 январь куни Германиядан Тожикистонга депортация қилинган ва бугун унинг тақдири номаълум: аввалроқ мамлакат Бош прокурори ва ички ишлар вазири Абдулло Шамсиддиннинг қаерда эканлиги ҳақида ҳеч нарса билмаслигини билдирган эди.

Шамсиддиннинг яқинлари эса унинг МХХ тергов изоляторида эканлиги, бироқ унинг нимада айбланаётгани ҳақида малумотга эга эмаслигини малум қилган.

Amnesty International ташкилоти 10 март куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга йўллаган мактубида А. Шамсиддинни айблаш учун етарли далил бўлмаса, у “зудлик билан озод этилиши” кераклигини ёзган.

Amnesty International фикрича, Абдулло Шамсиддин отаси Шамсиддин Саидов, Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) асосчиси Саид Абдулло Нурийнинг собиқ ёрдамчиси туфайли таъқиб қилинмоқда.

Абдулло Шамсиддин Тожикистонга қўниши биланоқ ғойиб бўлди.

Аввалроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари ва Бош прокурори A.Шамсиддиннинг қаерда эканлиги ҳақида ҳеч нарса билмаслигини билдирган эди. Бироқ 7 март куни унинг турмуш ўртоғи Сумая Пированинг Озодлик радиосига айтишича, эри унга қўнғироқ қилиб, МХДҚ тергов изоляторида эканлигини айтган.

AI инсон ҳуқуқлари ташкилоти Имомали Раҳмонга мурожаат қилиб, қийноқ ва шафқатсиз муомалалар қўлланилишини истисно қилиш мақсадида Абдулло Шамсиддиннинг қамоққа олиш жойини белгилаш ва унинг тақдирини назоратга олишни сўради.

Ушбу мактуб Тожикистон президенти девонига юборилган. Тожикистон расмийлари Абдулло Шамсиддин иши бўйича ҳозирча расман изоҳ бермаган.

32 ёшли Абдулло Шамсиддин 2009 йилдан бери Германияда яшаб келаётган эди. Аввалроқ мухолифатчининг ўғлининг муаммолари Германия миграция хизматида ўз вақтида рўйхатдан ўтмаганидан кейин бошлангани хабар қилинганди. ТИУП унинг Германиядан чиқариб юборилиши сабабларидан бири немис расмийларига ёлғон шахсий маълумотлар тақдим этилгани эканлигини тан олди.

Хориждаги мухолифат гуруҳларини бирлаштирган Тожикистонда тақиқланган Тожикистон Миллий альянси вакиллари аввалроқ ўз ватанларига депортация қилинса, ТИУП фаолининг ўғли қийноқлар ва қамоқ жазоси билан таҳдид қилинишини билдирган эди. 2018 йилнинг январида Хатлон вилояти суди томонидан ТИУП асосчиси Саид Абдулло Нурийнинг собиқ ёрдамчиси Шамсиддин Саидовнинг ўзи сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

XS
SM
MD
LG