Россия президенти матбуот котиби қизи Елизавета Пескова Қозоғистонда солиқ тўловчининг идентификация рақамини (СТИР) олган.
"Система" суриштирувлар лойиҳаси ушбу маълумотни Қозоғистон Миллий сертификатлаштириш марказининг онлайн реестрида ва бошқа маълумотлар базаларидан аниқлади.
Пескова СТИРни 2022 йил сентябргача олган бўлиши мумкин, чунки рақам Нур-Султон шаҳрида берилган. 2019 йилнинг мартидан 2022 йилнинг сентябригача Қозоғистон пойтахти шундай номланган, ундан сўнг пойтахтга аввалги номи қайтарилган.
Қозоғистонда СТИР давлат ва банк хизматларидан фойдаланиш учун зарур. Россияликлар Украинага босқиндан сўнг киритилган чекловларни четлаб ўтиш мақсадида Қозоғистон банклари хизматларидан фойдаланиш, жумладан Visa ва Mastercard карталарини очиш учун оммавий равишда Қозоғистонда СТИР олишни бошлаган.
Песковлар оиласига нисбатан АҚШ ва ЕИ санкциялари киритилган. Пескова ўзига нисбатан киритилган санкцияларни "адолатсиз" деб атаган, чунки "урушнинг бошланишига унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ".
Елизавета Пескова 26 ёшда. "Мен кўп ишлайман ва кўп топаман, турли лойиҳаларда иштирок этаман", деб ёзган у 2023 йил апрель ойида. Унинг асосий активи Москвадаги Центрум реклама агентлигидаги 30% улуши ҳисобланади. Агентлик мижозлари орасида Саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Москва ҳукумати ва бошқа давлат идоралари бор. Пескова 2021 йилда ишга келганидан бери компаниянинг даромади 1,9 миллион рублдан деярли ярим миллиард рублга (5,8 миллион доллар) чиқиб кетган.
Россияликлар Украинага босқиндан сўнг киритилган чекловларни четлаб ўтиш мақсадида Қозоғистонда СТИР олишни бошлаган.