Ўзбекистон ва Тожикистон юк автотранспорти ҳайдовчиларига икки мамлакат ҳудудидан расмий рухсатномасиз транзит ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат имзоланганидан бир ой ўтган бўлса-да, “Фотехобод-Ойбек” чегара-ўтказиш пунктида юк машиналар тўпланиб қолмоқда.
Озодлик радиоси тожик хизматининг ёзишича, ҳайдовчилар Ўзбекистон тарафидан йўл очиқлигини, муаммо Тожикистон тарафида эканлигини айтмоқда ва ҳукуматдан тезроқ рухсатномасиз транзит ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни ратификация қилишни сўрамоқда. Ҳайдовчиларнинг айтишича, бу юк ташишнинг арзонлашишига ҳам олиб келар эди.
Гап икки мамлакат ўртасидаги халқаро автомобиль алоқалари тўғрисидаги битимга тиркалган баённома ҳақида кетмоқда. Ушбу баённома 18 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи чоғида имзоланган эди.
2018 йилдан шу кунгача мамлакатлар ўртасида, жумладан улар ҳудуди бўйлаб транзит орқали йўловчиларни мунтазам ва номунтазам ташиш ҳамда юк ташишни амалга оширишда рухсатнома керак бўлган. Баённома ратификация қилинса, бунга ҳожат қолмаслиги кутилмоқда. Тожикистон Транспорт вазирлиги вакиллари янги тартиб давлат ичидаги зарур процедуралардан ўтилганидан, шу жумладан икки мамлакат томонидан баённома ратификация қилинганидан кейин кучга киришини маълум қилишган.
Ҳозирда Тожикистон транспорт вазирлиги йўналиш сертификатини деярли бермай қўйган, у сиз эса юк машиналари чет элга чиқолмайди. Бунинг натижасида мавжуд оз сонли сертификатларнинг нархи икки баробар қимматлашиб кетган.
Озоди радиоси ёзишича, аввал 60 долларга сотилган рухсатнома ҳозирда 170 долларга чиқиб кетган. Озоди радиосига ҳайдовчилар айтишича, сертификатлар ҳар мавсумда асоссиз равишда қимматлашади. Уларга кўра, муаммо Тожикистон Транспорт вазирлиги томонидан юк машиналарига чегарадан ўтиш учун берилажак рухсатнома танқислиги туфайли юзага келган.
Февраль ойига келиб Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳим Душанбедаги матбуот анжуманида бу муаммодан хабари борлигини билдирган. “Бу рухсатномаларни биз босмаймиз. Бланкалар бизга қўшни мамлакатдан келади ва биз уларни кутишга мажбурмиз”, деган у.
Юк машиналари ҳайдовчилари Тожикистондан Ўзбекистонга 13 та назорат-ўтказиш маскани орқали ўта олишлари мумкин. Булар орасида “Фотеҳобод-Ойбек” НЎМ Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги асосий ўтказиш масканларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Бу орада юк ташиш рухсатномалари учун тўланадиган ҳақнинг ошиши ва рухсатнома бланкаларининг танқислиги ҳайдовчилар бош оғриғига айланган. Аввалроқ бу масала бир неча бор оммавий ахборот воситаларида кўтарилган ва расмийлар бу муаммони ҳал қилишга ваъда беришган.
Тожикистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йили юк машиналари ҳайдовчиларига 80 минг чоғли рухсатнома берилган ва бунинг учун улардан камида 8 миллион доллар пул йиғилган.
Тожикистонлик ҳайдовчилар: "дозвол" тақчиллиги деб Ўзбекистондан юк олиб ўтиш қимматлашмоқда
Аввал 60 долларга сотилган рухсатнома ҳозирда 170 долларга чиқиб кетган.