Ссылки доступа

Беларусдаги аэродромда портлаш юз берди


Беларус фаолларига кўра, Минск яқинидаги «Мачулишчи» аэродромидаги портлашлар натижасида Россиянинг ДРЛО А-50 ҳарбий самолётига зарар етган.

Минскдан 12 км узоқликда жойлашган Беларуснинг «Мачулишчи» ҳарбий аэродромида 26 февраль, якшанба куни портлашлар содир бўлди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ ходимлари томонидан тузилган BYPOL мухолифат ҳаракати Telegram'даги каналида маълум қилди.

Даставвал фаоллар камида иккита портлаш натижасида Россия ҳарбий-транспорт самолёти ва қор тозалаш машиналари шикастланганини ёзишган. Хабар қилинишича, аэродром ҳудудида маҳаллий аҳоли кўп сонли ҳарбийлар ва йўл полицияси экипажларини кузатмоқда, улар ўтаётган барча машиналарни текширмоқда. Портлашлар сабаблари аниқлаштирилмаган.

Кейинчалик BYPOL ҳарбий аэродромда диверсия содир этилгани, натижада Россиянинг А-50 эрта огоҳлантириш ва назорат радарига эга ҳарбий самолёти жиддий шикастлангани, унинг олд ва марказий қисмлари, авионика ва радар антеннасига зарар етгани ҳақида хабар берди.

BYPOL раҳбари Александр Азаров «Наша Ніва» нашрига беларуслик партизанлар «Мачулишчи» ҳарбий аэродромидаги қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этганини айтди. Азаров «Белсат» нашрига берган изоҳида у дронлар ёрдамида амалга оширилгани ва операциянинг барча иштирокчилари аллақачон Беларусдан ташқарида эканини билдирди.

Беларус ва Россия расмийлари воқеа юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги нашрга портлашлар ҳақида хабарлар йўқлигини маълум қилди, Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, «жиддий ҳеч нарса содир бўлмаган».

XS
SM
MD
LG