Ссылки доступа

Суриштирув: Тожикистон Бош вазирининг рафиқаси Дубайда иккита виллага эга

Тожикистон дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан биридир.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури (OCCRP)Dubai Unlocked лойиҳаси доирасида Тожикистон бош вазири Коҳир Расулзоданинг рафиқаси Иқболхон Нозированинг Дубайда кўчмас мулкка эгалик қилишини аниқлади.

Нозирова Дубайдаги Mira Oasis 3 турар-жой мажмуасидаги умумий қиймати бир ярим миллион долларлик иккита виллага эгалик қилади.

14 май куни тарқалган ушбу хабарларга Тожикистон бош вазири ёки унинг рафиқаси ҳозирча муносабат билдирмаган.

Иқболхон Нозирова маданият сохасида ишлайди. Коҳир Расулзода Сўғд вилояти ҳокими бўлиб ишлаганида Иқболхон Хўжанд шаҳридаги маданият саройининг раҳбари бўлган. Эри Бош вазир этиб тайинланганидан бери у нима иш қилиши номаълум.

63 ёшли Коҳир Расулзода 2013 йилнинг ноябридан бери Тожикистон бош вазири лавозимида ишлаб келмоқда. Бунгача у сув хўжалиги вазири, Сўғд вилояти ҳокими, парламент депутати бўлган. Унинг 3 нафар фарзанди бор.

OCCRP Dubai Unlocked лойиҳаси Дубайдаги ҳашаматли кўчмас мулк эгалари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишга қаратилган. 70 дан ортиқ мамлакат журналистлари Дубайдаги минглаб кўчмас мулк объектларининг эгалари ҳақида сиздирилган маълумотларни таҳлил қилмоқда.

Тадқиқот Дубайдаги ҳашаматли мол-мулк қандай қилиб турли давлатлардаги сиёсатчилар, давлат корпорациялари раҳбарлари ва жиноят олами билан боғлиқ шахслар учун (асосан) жиноий йўл билан топган даромадни легаллаштириш воситасига айлангани ҳақидадир.

"Суриштирувдаги "қаҳрамонлар" шахсини тасдиқлаш учун бир неча ойлар керак бўлди", деб таъкидлайди муаллифлар.

Тожикистон дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан биридир. Шунинг учун ҳам тожик расмийлари ва уларнинг яқинларининг хориждаги ҳашаматли кўчмас мулклари алоҳида қизиқиш уйғатмоқда.

2022 йилда OCCRP Тожикистон собиқ вазири ва Сўғд ҳокими Косим Роҳбарнинг Швецариядаги банкларда 10 млн доллари борлигини аниқлаган эди. 2018 йилда OCCRP “Тожикистон темир йўллари” давлат корхонасининг собиқ раҳбари Омонулло Ҳукумов ва унинг оиласи Чехия курортларида ва Москвада жами 12 млн долларлик мол-мулк сотиб олганини фош қилган эди.

XS
SM
MD
LG