Ссылки доступа

Экологлар: Ваъда қилинган маош ҳам ошмади, йўл ва овқат пулидан ҳам маҳрум бўлдик


Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов 2021 йил 1 февралда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Молия вазирлигига экологлар маошини 2-3 бараварга ошириш ҳақида топшириқ берган эди.

Орадан бир йил ўтди. Экологлар маоши ошмади, аксинча улар олиб турган йўл пули ва овқат пули ҳам тўхтатилди.

Уч ойдан буён бу имкониятдан айрилган экологларнинг айтишларича, улар жуда қийин иқтисодий аҳволда қолишган. Бир ярим миллион сўм атрофидаги маош уларнинг йўлкирасию тушлигидан ортмаяпти.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилоят бошқармаси мулозими шундай ҳолат бўлаётганини тасдиқлар экан, янги тайинланган қўмита раисидан бу борада ижобий қадам кутаётганини айтди.

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг шаҳар, вилоят ва туманларда тахминан икки минг нафар ходими бор.

Экологларнинг вазифаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик шароитни яхшилаш, чиқиндиларни атроф-муҳитга зарарли таъсирини олдини олиш ва аҳоли саломатлиги, аҳоли турмуш тарзи сифати ва даражасини ошириш учун қулай шароит яратишдир.

Аммо экологлар сўнгги пайтда иқтисодий аҳволлари оғирлашиб кетаётганидан шикоят қиладилар.

Озодлик таҳририятига қашқадарёлик экологлардан келган шикоятда бундай ёзилган:

“Мана 3 ойдирки вилоят экология бошқармаларида йул пули ва овкат пулини беришмаяпти. Инспекторлар шу пулга ишониб кредит олишган. Ҳар бири камида 1,5-2 млн сўм давлатга кредит тўлашади. Ўзи бор-йўғи 1,5-1,8 млн сўм ойлик оламиз. Қўмитага Н.Обломурадов келса ойлигимиз ошади деб ўйлаган эдик. Афсуски йўл пули ва овқат пулидан ҳам мосуво булдик. Энди нима қиламиз. Кредит тўламасак бўлмайди, рўзғор ўтказолмай қолдик. Кимдир ёрдам қиладими йўқми. Жуда кийин аҳволда қолдик”.

Қашқадарё вилоят экология бошқармасида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ходимнинг айтишича, экологларнинг йўл ва овқат пулидан маҳрум қилиниши уларни оғир иқтисодий аҳволга солиб қўйди:

“2020 йилнинг июнь ойидан бери йўл ва овқат пули олаётган эдик. У пайт Шавкат Абдураззоқов қўмита раиси эди. Масалан, Тошкентда ишчиларга проездной берилади. Биз доим иш билан кўчада юрамиз. Шунга Шавкат Абдураззоқов жамғарманинг ҳисобидан экологларга ёрдам бўлсин, деб йўл ва овқат пули қилдирган эди. Шунга ишониб кўпчилик кредит олган эди. Аммо ўтган йилнинг декабрь ойидан йўл ва овқат пули бериш таққа тўхтатилди”.

Исми сир қолишини сўраган вилоят экология бошқармаси лаборантининг айтишича, йўл ва овқат пули бир миллион сўм атрофида бўлган:

“Бизнинг ойликлар 1,4 – 1,8 миллион сўм атрофида, бугунги нарх-наво кўтарилган шароитда бу ҳеч нарса бўлмайди. Ўша овқат пули сал мадад бўлиб турган эди. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ўтган йили маошларининг 2-3 бараварга ошади деганда, роса хурсанд бўлган эдик. Лекин маош ҳам ошмади, аксинча йўл ва овқат пулидан ҳам маҳрум қилишди”.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов 2021 йил 1 февралида ўтказган Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида экологлар маошини 2-3 бараварга ошириш ҳақида Молия вазирига топшириқ берган эди.

Аммо, экологларнинг айтишларича, маошлар ошмаган, боз устига йўл ва овқат пулидан ҳам улар маҳрум этилган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилоят бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, экологлар иқтисодий томондан қийналиб қолишганини тасдиқлади:

“Бундай ҳолат фақат бизнинг вилоятда эмас, бутун республика бўйлаб шундай. Ҳа, бироз қийналиб қолишди. Маъмурий жарима қўллаган экологларга ўша жарима миқдорининг 10 фоизи ташлаб берилади. Аммо лаборант ва кам ойлик олиб ишлайдиган ходимларга бироз оғир бўляпти. Энди мана қўмитага 31 декабрь куни янги раис қўйилди. Ходимларининг иқтисодий аҳволига янги раис бефарқ бўлмайди, деб умид қиламиз”.

Ўзбекистонда сўнгги икки йилда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси уч марта алмашди.

Ўзбекистонда ўнлаб ҳудудларда кўп йиллик дарахтларнинг аёвсиз кесилиши ҳам аҳолининг норозилигига сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигига ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги берган маълумотига кўра, энг кам ойлик олувчилар қаторида экологлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG