Ссылки доступа

Россияда муҳожирларнинг рус тилидаги кўникмаларини фақат университетлар текширади


Ҳорижликларни рус тили ва маданияти бўйича имтиҳон қилиш ваколатига эга 12 та давлат университетларининг барчаси тижорий ҳамкорлари билан шартномаларини бекор қилди. Бу ҳақда Россиянинг Таълим ва фан вазирлиги маълум қилди.

“Шундай қилиб, таълим ташкилотлари номидан тижорий объектларда имтиҳон топшириш бекор қилинди”, дейилади вазирлик хабарида.

Эндиликда хориж фуқароларининг рус тилидаги кўникмаларини фақат университетлар ва бошқа давлат муассасалари текширади. Бу чорадан кўзланган мақсад сифат назоратини кучайтириш эканлиги айтилмоқда.

Москва яқинидаги Крокус Сити Холлдаги терактдан кейин муҳожирларни ва улар билан ишлайдиган турли тузилмаларни назорат қилиш кучайди. Хусусан, Пушкин номидаги Рус тили институтининг ректори Наталя Трухановская ўз лавозимидан олинган. Сабаб сифатида ушбу институт муҳожирлар учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги асослари бўйича имтиҳонлар ўтказилишини «нотўғри» назорат қилганлиги келтирилган.

Куни кеча Москва яқинидаги Балашихада ноқонуний миграцияни ташкил қилишда айбланиб, 14 киши, жумладан полиция раҳбарлари қўлга олингани маълум бўлди. Улар пора эвазига 1500 дан ортиқ муҳожирга, жумладан, рус тилини билиши ҳақида сохта сертификатлар тайёрлаб берган.

XS
SM
MD
LG