Суд Россия расмийлари сиёсатчининг 2020 йил августида заҳарланиши эҳтимоли бўйича тегишли текширув ўтказмаган, деб ҳисоблади. Суд қарорида айтилишича, тергов заҳарланишнинг сиёсий сабаблари ва тақиқланган кимёвий қуролдан фойдаланиш эҳтимолини ҳисобга олмаган. Россия 2022 йил мартидан бери ИҲЕС қарорларини бажармаяпти.
«Аслида, Навалнийнинг ҳаётига жиддий хавф туғилиши бўйича шубҳали ҳолатлар бўлди. Шу сабабли, конвенциянинг 2-моддаси давлатга самарали тергов ўтказиш мажбуриятини автоматик равишда юклайди», дейилади суд қарорида.
ИҲЕС Россия ҳукумати томонидан бошланган терговни текшириш имкони йўқлигини тан олди, бу эса «айбдорларни аниқлаш ва керак бўлганда жазолаш»ни имконсиз қилади. ИҲЕС сиёсатчининг заҳарланишига давлат вакилларининг алоқадорлигини текшириш зарур, деб ҳисоблади. Суд ўзининг аввалги қарорига таяниб, буни Алексей Навалний махсус хизматлар назорати остида бўлгани билан изоҳлади.
ИҲЕС қарорида айтилишича, унинг заҳарланишида тақиқланган кимёвий қуролдан фойдаланиш эҳтимоли терговнинг устувор йўналиши бўлиши керак эди. Ушбу бандда суд Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти экспертларининг мухолифатчининг танасидан олинган намуналарда заҳарли модданинг изларини топган қарорига ишора қилди.
«Бундай кимёвий моддаларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш вақт, маҳорат ва ташкилотчилик даражасини талаб қилади, бунга давлат идоралари билан алоқаси бўлмаган шахслар эриша олмайди», дейилади қарорда.