Ссылки доступа

Европа Иттифоқи Россия газини Африка газига алмаштиришни режалаштирмоқда


Европа Иттифоқи Россия ёқилғиси импортини камайтириш мақсадида Африка давлатлари билан газ етказиб бериш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Европа Иттифоқи давлатлари 2022 йилда энергетика соҳасида Москвага қарамлигини деярли учдан иккига камайтириш ниятида. Энергетика соҳасида ташқи ҳамкорликни кенгайтирувчи ҳужжат Европа комиссияси томонидан май ойининг охирида қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg Европа Иттифоқи ҳужжат лойиҳасига таяниб хабар берди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Африканинг Нигерия, Сенегал ва Ангола каби давлатлари «суюлтирилган газ соҳасида умуман фойдаланилмаган салоҳиятга эга».

Европа Иттифоқи суюлтирилган газ импортини йилига 50 миллиард куб метрга, қувур газини эса 10 миллиард куб метрга (Россиядан эмас) ошириш ниятида. Ҳужжат лойиҳасида айтилишича, бунинг учун анъанавий етказиб берувчилар билан янги шартлар асосида муносабатлар ўрнатиш ва янги ёқилғи етказиб берувчилар билан савдони кенгайтириш талаб этилади.

Европа Иттифоқи режаси, шунингдек, 2022 йилда Қўшма Штатлардан қўшимча 15 миллиард куб метр суюлтирилган газ ва 2030 йилгача ҳар йили тахминан 50 миллиард куб метр суюлтирилган газни олишни кўзда тутади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Озарбайжондан газ етказиб бериш ҳажмини йилига 20 миллиард куб метргача ошириш ниятида.

Аввалроқ Bloomberg агентлиги ЕИ расмийлари йил охиригача Россия нефтига эмбарго жорий этишни ва ундан олдин импортга босқичма-босқич чекловлар жорий этишни таклиф қилаётгани ҳақида хабар берган эди. Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари яқин кунларда Москвага нисбатан янги чекловларни муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

Нефть ва газ сектори Россияга бюджет даромадларининг ярмини ва экспортнинг ярмидан кўпини олиб келади. Россия Европага газнинг 70 фоизини, нефть ва нефть маҳсулотларининг 60 фоизини сотади.

Аксарият Европа Иттифоқи давлатлари Кремлнинг Украинадаги урушни молиялаштириш имкониятларини чеклаш учун Россиядан энергия импортини қисқартириш чораларини кўрмоқда. Фақат Венгрия буни аниқ рад этади.

XS
SM
MD
LG