Ссылки доступа

“Крокус” иши бўйича яна уч гумонланувчи қўлга олинди


Аввалроқ “Крокус Сити холл”га ҳужумга алоқадорлиги айтилаётган 10 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар қилинган эди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Москва яқинидаги “Крокус Сити холл” концерт залига ҳужумга оид иш бўйича яна уч гумонланувчи қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатди. ФСБ қўлга олинган икки шахс ҳужумнинг муҳтамал ижрочиларини молиялаштириш схемасида иштирок этганини, учинчи гумонланувчи эса терактга одам ёллаш билан шуғулланганини билдирган.

Қўлга олинганларнинг барчаси марказий осиёликлардир, уларнинг бири Россия фуқаросидир. Аввалроқ “Крокус Сити холл”га ҳужумга алоқадорлиги айтилаётган 10 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар қилинган эди.

Концерт залига 22 март оқшомида уюштирилган қуролли ҳужум натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 144 киши ҳалок бўлган. Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” террор ташкилотининг Афғонистондаги қаноти ўз зиммасига олган.

Мазкур ҳужумга Украинанинг алоқаси борлиги ҳақида аввалроқ Россия президенти Владимир Путин баёнот тарқатган эди. Россия касаба уюшмалари федерацияси қурултойида нутқ сўзлаган Путинга кўра, терактга буйруқ берганлар россияликларнинг “бирдамлигига путур етказмоқчи” бўлган.

“Бошқа мақсад кўринмаяпти, чунки Россия исломий фундаменталистларнинг терактларига нишон бўла олмайди”, деди Путин. Унинг сўзларига кўра, Россия халқаро майдонда “конфессиялараро тотувликнинг ноёб намунасини” намойиш қилмоқда.

Бироқ, Bloomberg агентлиги ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда, мазкур тахминга президент атрофидаги одамлар ҳам ишонмаётгани ҳақида ёзиб чиққан. Киев “Крокус Сити холл”га ҳужумга ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG