Ссылки доступа

БМТ Бош Ассамблеяси Исроилни босиб олинган Фаластин ҳудудларини тарк этишга чақирди


БМТга аъзо 124 давлат ҳужжатни қўллаб-қувватлади, 14 таси қарши чиқди, 43 таси бетараф қолди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Исроилдан 12 ой ичида босиб олинган Фаластин ҳудудидан чиқиб кетишни талаб қилди. Тегишли резолюция чоршанба куни БА томонидан маъқулланди.

Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларидан фарқли ўлароқ, мажбурий хусусиятга эга бўлмаган БА резолюция матни БМТ Халқаро судининг илгари қабул қилинган маслаҳат хулосасига асосланган бўлиб, унда 1967 йилдан бери Исроилнинг Фаластин ҳудудларини ишғол қилиб туриши "ноқонуний" деб топилган.

Исроил резолюцияни қатъиян рад этиб, у фақат Яқин Шарқда зўравонлик кучайишига ёрдам беришини айтди.

БМТга аъзо 124 давлат ҳужжатни қўллаб-қувватлади, 14 таси қарши чиқди, 43 таси бетараф қолди. АҚШ резолюцияга қарши овоз берди. АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилднинг таъкидлашича, таклиф этилган матн Яқин Шарқда тинчликни яқинлаштирмайди.

Резолюция лойиҳаси биринчи марта Фаластин давлати делегацияси томонидан БМТга тақдим этилди. У кузатувчи мақомига эга, бироқ май ойида Фаластин делегациясининг БМТдаги ваколатлари кенгайтирилди. Резолюцияни 40 га яқин давлат расман киритди.

Бош ассамблея ўтмишда ҳам Исроилдан босиб олинган ерлардан чиқиб кетишни талаб қилувчи резолюцияларни бир неча бор қабул қилган. Гап Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғи, Ғазо сектори ва Шарқий Қуддус ҳақида кетмоқда.

Шунингдек, Reuters хабар беришича, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ар-Риёд Исроилни де-юре тан олмаслигини ва Фаластин давлати тузилмагунча у билан дипломатик муносабатларни ўрнатмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG