Агентлик уларни «2022 йил 16-18 май кунлари ТБМВнинг Рушон туманида содир этилган террорчилик ҳаракатларининг иштирокчилари» деб таърифлайди.
Аввалроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Рушон туманида истиқомат қилувчи 46 нафар фуқаронинг рўйхатини эълон қилиб, уларни «жиноий ва экстремистик-террористик гуруҳлар» аъзоси деб атаган эди. Бу «жиноий тўдалар»га Холбаш Холбашев, Ëдгор Ғуломҳайдаров ва Қулмаҳмад Паллаевлар раҳбарлик қилгани айтилади. Қариндошларининг «Озодлик» радиосининг тожик хизматига айтишича, улар «аҳоли орасида ҳурмат-эҳтиромга эга оддий Рушон фуқароларидир».
Тоғли Бадахшондаги вазият 14 май куни судлар фаол Амриддин Аловатшоевни 18 йилга, ММА жангчиси Чоршанбе Чоршанбиевни эса саккиз ярим йилга озодликдан маҳрум қилганидан кейин ёмонлашган. Маҳаллий аҳоли вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва Хоруғ шаҳар ҳокими Ризо Назарзоданинг истеъфосини, барча назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлашни, Бадахшон аҳолисига нисбатан таъқибларни тўхтатишни талаб қилишди. Расмийлар бу талабларни бажаришдан бош тортгач, 16 май куни бир гуруҳ одамлар ҳаракатга чиқди, бунга жавобан хавфсизлик кучлари резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди, натижада бир киши ҳалок бўлди.
18 май куни расмийлар ТБМВда «аксилтеррор операцияси»ни бошлади. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Рушон вилоятида хавфсизлик кучлари ва Хоруғга йўлни тўсиб қўйган маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув бўлгани ҳақида хабар берди. «Озодлик» радиосининг тожик хизмати хабарига кўра, 19 май куни «аксилтеррор операцияси» қурбонларининг 21 жасади яқинларига топширилган. Кейинроқ полиция бўлимидаги манба нашрга бу маълумотни тасдиқлади. 22 май куни Тожикистонда ТБМВдаги митинг ташкилотчиси деб айтилган Мамадбокир Мамадбокиров ўлдирилди.