Ссылки доступа

Россия фуқаролигини олган хорижликлар 50 ёшгача ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин


Россияда ҳарбий хизматга чақирилиш ёши аслида 30 ёшгача этиб белгиланган.

Давлат Думаси депутатлари Россия фуқаролигини олган чет элликлар учун ҳарбий хизматга чақирилиш ёшини 50 ёшгача кўтаришни таклиф қилмоқда.

"Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳаси парламент сайтида эълон қилинди.

Лоийҳанинг изоҳ қисмида айтилишича, бундай қарорга Россия фуқаролигини олган хорижликлар ҳарбий рўйхатга ўтишдан бўйин товлаётгани ёки чақирув ёшига етганидан кейингина фуқароликни олаётгани сабаб бўлган. 2024 йил 1 январдан Россияда ҳарбий хизматга чақирилиш ёши 30 ёшгача этиб белгиланган.

Лойиҳа ташаббускорлари сифатида “Ягона Россия” фракцияси депутатлари Александр Бородай ва Михаил Шеремет ҳамда Либерал-демократик партиядан Алексей Журавлев келтирилган.

Россия ҳукумати муҳожирларни Украинадаги урушга кенг жалб қилишга уринмоқда. 2023 йил давомида Россиянинг турли шаҳарларида фуқароликни олган бироқ армияда хизмат қилмаган муҳожирларни овлаш бошланган. Улар жойида ҳарбий рўйхатга олиниб, армияга юборилган ёки ҳарбий рўйхатга ўтишдан бўйин товлагани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Октябрь ойида Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Украинага қарши урушда қатнашишни истамаган муҳожирлардан фуқароликни олиб қўйишни таклиф қилган эди. Урушдан бўйин товлаганлик учун фуқароликдан маҳрум қилиш амалиёти декабрь ойидан кенг татбиқ этила бошланган.

XS
SM
MD
LG