Ссылки доступа

Ҳиндистон фуқаролари Россия томонида Украинага босқинда қатнашишга мажбур қилинмоқда


Ушбу ҳиндистонликлар ишлаш учун Москвага келган, бироқ ҳарбий тайёргарлик марказига жўнатилган.

Ҳиндистоннинг етти нафар фуқароси Украинадаги урушда Россия томонида қатнашишга мажбур қилинаётганидан шикоят қилиб видеомурожаат ёзган.

Видеомурожаатни Ҳиндистондаги NDTV нашри журналисти Ума Судхир Твиттерда жойлаштирган .

Ҳиндистонликларнинг айтишича, улар Россияга 2023 йил декабрь ойи охирида сайёҳ сифатида келган. Шундан сўнг, сайёҳлик агентлигининг ходими уларни Белоруссияга ҳам боришга кўндирган.

"Бизга виза кераклигини билмаган эдик. Беларусга келганимизда у таниш биздан виза учун пул олиб ғойиб бўлди", дейди улар.

Беларусда уларни полиция ҳибсга олган ва Россия расмийларига топширган. Россияликлар уларни рус тилидаги аллақандай ҳужжатларга имзо чекишга мажбурлаган.

Шундан сўнг улар 15 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва "уруш бўлаётган жойга" юборилган. Ҳиндистонликларнинг айтишича, уларни, урушга бормаса 10 йилга қамаш билан қўрқитишган. Видеомурожаатни эълон қилган Судҳирнинг ёзишича, ҳиндистонликлар "тез орада жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун урушга юборилиши мумкин".

Февралда Ҳиндистон ҳукумати Россия армиясидан 20 га яқин мамлакат фуқаросини қайтаришга ҳаракат қилаётганини маълум қилганди. The Moscow Times ёзишича, ушбу ҳиндистонликлар меҳнат муҳожири сифатида, хусусан, фаррош бўлиб ишлаш учун эълонга жавобан Москвага келган, бироқ уларни ҳарбий тайёргарлик марказига жўнатишган.

XS
SM
MD
LG