Ссылки доступа

Ўзбекистонлик муҳожирлар қурилиш компаниясидан икки ойдан бери иш ҳақини талаб қилмоқда (видео)


Работали в Москве и два месяца выбивали из работодателя зарплату: история рабочих из Узбекистана
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:02:28 0:00

Россиялик иш берувчилар баъзида Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари Россия қонунларини билмасликларидан фойдаланиб қолишмоқда.

Москвадаги қурилиш компанияларидан бирида электрик бўлиб ишлаган 22 нафар Ўзбекистон фуқароси шундай алданиб қолган.

Улар икки ойдан кўпроқ вақт давомида иш ҳақиларини олиш учун курашдилар. Шу вақт ичида бегона шаҳарда яшаш учун улар кредит ва қарз олишга мажбур бўлдилар. Иш берувчи фақат полицияга мурожаат қилингандан кейингина уларга ойилигини қисман тўлаб берди.

Компания ўзбекистонликларни 2024 йил май ойида Россияда ишга олган. Ишчиларга иш ҳақи белгиланган миқдорда ва кечиктирмасдан тўланиши ваъда қилинди. Аммо охир-оқибат улар билан иш берувчи ўртасида ҳатто меҳнат шартномаси ҳам тузилмади.

"Менга 108 минг рубль (тахминан 1100 доллар) тўланиши керак. 150-160 минг рублгача қарз бўлган йигитлар ҳам бор," - дейди жабрланувчилардан бири Дониёр Самандаров.

"Шахсан менга 176 минг рубль тўланиши керак. Бу иш ҳақи қайдномасида ҳам яққол кўриниб турибди," - дейди ўзбекистонлик яна бир муҳожир Акмалжон Абдувоҳидов.

"Менга кунига 4200 рублдан тўлашларини айтишди. Мен 40 кун ишладим, лекин бир тийин ҳам олмадим," - дейди ўзбекистонлик яна бир жабрланган муҳожир Мурод Раҳмонов.

Муҳожирларнинг айтишича, улар дастлаб компания раҳбариятига мурожаат қилишган, аммо бу натижа бермаган: уларга пулни номаълум вақт кутишни ёки ҳеч қандай кафолатсиз кетишни таклиф қилишган. Ўзбекистонликлар меҳнат шартномасини расмийлаштиришни талаб қилишда давом этишди, чунки Россия қонунларига кўра, шартномасиз патент бекор қилинади. Бироқ иш берувчи шартномалар имзоланишини кечиктириб, икки ойдан кейин атиги 3-4 кишини расмийлаштирди. Улар ҳам тез орада қоғоздаги шартлар ўзгартирилганини ва шартномаларнинг сохта эканлигини аниқладилар. "Кимга меҳнат шартномаси керак бўлса, иш берувчи уни расмийлаштирди. Аммо унда бошқа сумма кўрсатилган эди: ойига 30 минг рубль, "оддий ишчи" учун, - дейди ўзбекистонлик яна бир муҳожир Акбархон Каримов. - Гарчи биз иш берувчи билан бошқа суммага келишган эдик: кунига 4500 рубль."

"Муҳожир меҳнат шартномасини ўзи Ички ишлар вазирлигига топшириши керак. Ишчилар уни маълумотлар базасига киритиш учун олиб келишганда, полициячилар шартнома қалбаки эканлигини айтишди," - дея таъкидлайди Каримов.

Россия пойтахтида пулсиз яшаш ва ўз ватанидаги оилаларига ёрдам бериш учун ўзбекистонликлар микроқарзлар олишга мажбур бўлишган. Уларнинг айтишича, ҳужжатларни расмийлаштириш учун ҳам тўлов қилишга тўғри келган. Ижара ҳақини тўлаш учун муҳожирлар дам олиш кунлари бошқа жойларда ишлаганлар.

"Биз май ойида келдик ва май ойи учун уйга пул юбормадик, фақат энг зарур нарсаларга - овқат, ичимлик учун бир-икки минг рубль жўнатдик. Қолган пуллар ҳужжатларни расмийлаштиришга кетди, - дейди Дониёр Самандаров. - Шанба ва якшанба кунлари ҳужжатларни расмийлаштириш ва ижара ҳақини тўлаш учун қўшимча ишлардик."

"Иш ҳақини ололмаганимизга бир ой бўлгач, иш берувчининг олдига бориб сўрадим: "Кредит олсам бўладими? Белгиланган кунда иш ҳақини аниқ тўлайсизми?" Менга "Ҳа, олиш мумкин" деб жавоб беришди, - дейди ўзбекистонлик яна бир жабрланган муҳожир Акмалжон Абдувоҳидов. - Мен 30 минг рубль микрокредит олдим ва энди 42 минг рубль қарздорман. Кеча яна қарз олдим - йўлга яна 5 минг рубль. Энди мен 47 минг рубль қарздорман."

Ишчиларнинг айтишича, улар орасида ваъда қилинган тўловларни кутмай бошқа иш излашга мажбур бўлганлар ҳам бор. Аммо бир қисми кутиб ўтирмасдан полицияга мурожаат қилишга қарор қилди: бу уларнинг тўловга эришишига ёрдам берди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг аралашувидан сўнг иш берувчи уларга барча пулларни тўлади.

XS
SM
MD
LG