Ссылки доступа

Қайтарилиши лозим бўлган баъзи тожик аёллари фарзандлари деб Сурияда қолиб кетди


Тадбирдан бироз аввал уларнинг фарзандларини "Хабс" (аёллар лагеридаги махсус гуруҳ) вакиллари ўғирлаб кетган.

Суриядан Тожикистонга қайтарилиши режалаштирилган баъзи аёллар Сурияда қолишга мажбур бўлди. Тадбирдан бироз аввал уларнинг фарзандларини "Хабс" (аёллар лагеридаги махсус гуруҳ) вакиллари ўғирлаб кетган”, деб маълум қилди Қувайт ва Суриядаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода. Шу сабабли, Озодлик радиоси тожик хизматининг ёзишича, махсус самолёт билан 25 апрель куни режалаштирилганидек 90 нафар эмас, 47 нафар тожикистонлик аёл ва уларнинг балоғатга етмаган фарзандлари қайтарилган.

Аёлларнинг кўпчилиги Сурия ва Ироққа 2014-2016 йилларда эрларининг ортидан бориб қолгани айтилмоқда. “Ислом давлати” гуруҳи мағлуб этилганидан сўнг улар Суриядаги лагерларда сақланаётган эди.

“Ушбу аёллар ва болалар реабилитация ва ижтимоий интеграциядан сўнг оиласига қайтади”, — дейилган ҳукумат баёнотида.

Элчи Зубайдулло Зубайдзода журналистларга маълум қилишича, Ироқ ва Сурияда “даҳшатли шароитда” қолган тожикистонлик аёллар ва болаларнинг 90 фоизи ҳозирда ўз юртига қайтарилган.

“Ватанига қайтиш истагини билдирган барча шахслар қайтди. Қолганлари ҳам яқин кунларда қайтарилса керак”, — деди дипломат.

2019 йилдан 2023 йилгача Тожикистон ҳукумати халқаро ҳамкорлар ёрдамида Сурия ва Ироқдан 334 нафар аёл ва болаларни ватанига қайтарди.

Ўтган йилдан бери Тожикистонда “жанговар зоналардан қайтган аёллар ва болаларни реабилитация қилиш, нормал ҳаётга мослашиш ҳамда иш ва таълим олиш имкониятини таъминлаш” дастури амалга оширилмоқда.

Тожикистон расмийларига кўра, ИШИД тузилганидан бери 2 мингга яқин Тожикистон фуқароси Сурия ва Ироққа кўчиб ўтган. Аксарияти оиласи билан кетган. Эркакларнинг аксарияти ё ўлдирилган, қамоққа олинган, ё ҳали ҳам бедарак йўқолган ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG