Ссылки доступа

“Толибон” Россиядан айирбошлаш йўли билан Афғонистонга миллион баррель нефть сотишни сўрамоқда


Ўтган йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” террор гуруҳи Россияга бир миллион баррель нефть сотишни таклиф қилди.

Бу ҳақда “Толибон” шакллантирган ҳукуматда саноат ва савдо вазири вазифасини бажараётган Нуриддин Азизий “РИА Новости” агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

Азизийга кўра, “Толибон” бу ерда бартер савдоси вариантини кўриб чиқмоқда, яъни Россия томони Афғонистонда ишлаб чиқарган бирор маҳсулотга қизиқиш билдирса, ўша маҳсулот нефтга алмаштирилиши мумкин.

Шу йил июнида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форумда Афғонистон савдо-саноат палатаси раҳбари толиблар Россиядан беш минг тонна нефть ва икки миллион тонна ғалла сотиб олиш истагида эканини билдирган.

Хабарларга кўра, “Толибон” вакиллари нефть сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказиш учун 14 август куни Москвага боришган.

Афғонистонда ҳокимият тепасига бундан роппа-роса 1 йил муқаддам, яъни 2021 йил 15 августида келган толиблар кейинроқ ўз ҳукуматларини тузишганини эълон қилишган, бироқ бу ҳукумат жаҳон ҳамжамияти томонидан легитим дея тан олинган эмас. “Толибон” ҳаракатининг ўзи дунёдаги кўплаб мамлакатларда, шу жумладан Россияда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган. Шунга қарамай, ҳаракат вакиллари Москвага бот-бот ташриф буюриб туришганини қайд этиш мумкин.

XS
SM
MD
LG