Бу ҳақда ҳукмрон партия раиси Ираклий Кобахидзега таяниб "Кавказ садоси" нашри хабар бермоқда.
"Импичмент муваффақиятли ўтиши учун 100 нафар депутатнинг имзоси лозим бўлади, шунинг учун мухолифатнинг қўлловисиз импичментнинг истиқболи йўқ. Шунга қарамай, партия сиёсий кенгаши йиғилишида биз Грузия президентига импичмент эълон қилишга қарор қилдик", деган Ираклий Кобахидзе.
Партия етакчисига кўра, Зурабишвили мамлакат конституциясини қўпол равишда бузган, чунки президент ташқи сиёсатда вакиллик функциясини фақат ҳукумат розилиги билан амалга ошириши мумкин. Грузия ҳукумати аввалроқ президентнинг Германия, Украина, Швейцария, Польша, Бельгия, Дания, Бирлашган Араб Амирликлари, Болгария, Чехия ва Исроилга сафарларини маъқулламаганини маълум қилган эди.
Саломе Зурабишвили 31 август куни Берлинда Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер билан учрашган, 1 сентябрь куни эса Брюсселда Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел билан учрашади. Грузия президенти маъмуриятининг билдиришича, Зурабишвили Европа етакчилари билан “Грузияга ЕИ аъзолигига номзод мақомини беришни қўллаб-қувватлаш" мақсадида учрашмоқда.
Кобахидзенинг айтишича, президентнинг ташрифлари "тескари самара бераяпти" ва Грузия Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомини олишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Ҳукмрон партия раиси тез орада парламентар кўпчилик аъзоларининг имзоси тўпланишини ва импичмент тақдимномаси Конституциявий судга юборилишини маълум қилди. Суд бир ой ичида ўз хулосасини бериши керак, шундан сўнг бу масала парламентда кўриб чиқилади.
Грузияда ҳукмрон партия президентнинг Европага сафари деб импичмент жараёнини бошлади

“Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси ҳукумат маъқулламаган Европа сафари деб мамлакат президенти Саломе Зурабишвилига қарши импичмент жараёнини бошлаганини эълон қилди.