Грузия президенти Саломе Зурабишвили “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасига вето қўйишини айтди. Парламентдаги кўпчилик бу ветони енгиб ўтиши мумкин. “Менинг ветоим халқ овозидир ва бу овоз эшитилиши керак”, деди у BBC радиоси билан бўлган суҳбатда.
Грузия парламенти ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Уни маъқуллаб 83 депутат овоз берди, муҳолифат овоз беришда қатнашмаган.
Қонуннинг қабул қилинишига қарши Тбилиси ва Грузиянинг бошқа шаҳарларида норозилик намойишлари бошланган. Зурабишвили намойишчиларни қўллаб-қувватлади. “Махсус кучлар газ ва сувотарлар ёрдамида ўзининг Европадаги келажагини ҳимоя қилаётган тинч аҳолига қарши чора кўрмоқда. Одамлар ушланди. Грузия совет даврига қайтишга рози эмас" – деб ёзган у.
“Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунга қарши Тбилисида уюштирилган намойишларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 25 кишини қўлга олишган. Бу ҳақда Грузия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Грузия парламенти маъқуллаган “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мазмунан ўтган йили норозилик намойишлари манзарасида қайтариб олинган қонун лойиҳаси билан бир хил экани айтилмоқда.
“Шаффофликни таъминлаш учун” олиб чиқилаётган қонун лойиҳаси молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча нотижорат ташкилотлари ва ОАВ номлари киритилган реестр пайдо бўлишини кўзда тутади.
Қонун лойиҳаси “хорижий куч манфаатларини ташувчи бўлган ташкилотларни аниқлаш мақсадида” Адлия вазирлигига мазкур масала бўйича исталган пайтда текширув ўтказиш ваколатини беради.
Ўтган йилнинг 7 мартида Грузия парламенти биринчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллагани ортидан мамлакат бўйлаб оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган эди. 8 март куни акция давом этган, 9 март куни эса “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва “Халқ кучи” ҳаракати мазкур қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олишган.
Ўтган йилги норозиликларга қарамай, “Грузия орзуси” 2024 йилнинг апрель ойи бошида қонун лойиҳасини қайтадан парламентга киритган. Биринчи вариантдан фарқли ўлароқ қайта ишланган ҳужжатда “хорижий таъсир агенти” деган атама ўрнига “хориж давлат манфаатини ташувчи ташкилот” деган иборадан фойдаланилган.
Бироқ, парламентдаги кўпчилик бу ветони енгиб ўтиши мумкин.