Ссылки доступа

Президентни дабдаба билан кутиб олган қашқадарёликлар Янги йилни ойликсиз қаршиламоқда


 Шавкат Мирзиёев GTL заводи очилиш маросимида.
Шавкат Мирзиёев GTL заводи очилиш маросимида.

Қашқадарё вилоятидаги бюджет ташкилотларининг ишчи-ходимлари декабрь ойи маоши берилмаганидан шикоят қилишмоқда.

Озодликка боғланган ишчиларга кўра, ойлик олмаганлари боис Янги йил дастурхони учун қарз олишга мажбур қолишган.

Молия идорасига яқин манба президентнинг Uzbekistan GTL заводи очилишига ташрифини ташкиллаштириш учун қилинган харажатлар боис ойликлар кечикканини билдирди.

Вилоятга янги тайинланган ҳоким Муроджон Азимовнинг раҳбарларни ишчилар ойликларини 25 декабргача тўлаб бериш борасидаги топшириғи ҳам ғазнада пул йўқлиги боис иш бермади.

25 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қарийб $4 млрд сарфлангани айтилган GTL заводини ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Озодликка боғланган чироқчилик ўқитувчилар ойлик маошлар вақтида берилмагани боис Янги йилга тайёргарлик кўра олмаётганликларидан шикоят қилишди:

“Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ўқитувчиларга ойлик ҳалиям тушмади. Янги йил олди ҳамма бозорлик қилишга бел боғлайди, аммо ойликдан дарак йўқ. Бухгалтериядан айтишларига кўра, яқинда GTL очилиши муносабати билан президент ташрифига катта ҳаражат бўлганлиги сабаб байрамдан сўнг ойлик тушаркан. Унгача сабр қилиб туришимиз керак экан”.

Чироқчидаги 111-мактаб, 116-мактаб ва 183-мактаб мактаб ходимлари ҳам 30 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда ойлик берилмагани боис Янги йил арафасида пулсиз қолишганидан нолишди.

“Аванс пулини икки ҳафтача аввал олгандик. Янги йил олди ойликлар тўла берилади деганига ишониб, аванс пулларини ишлатиб юборгандик. Бугун маҳалламиздаги дўкондан қарзга байрам дастурхонига харажат қилиб келдим”, деди 116-мактаб ходими исмини очиқламаслик шарти билан.

14 декабрь куни Қашқадарёга янги тайинланган ҳоким Муроджон Азимов ҳокимликлар, ташкилот ва муассасалар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ходимларининг жорий ой учун иш ҳақлари, мукофот ва рағбатлантириш пулларини жорий йилнинг 25 декабрь кунига қадар бериш бўйича вилоятдаги барча раҳбарларга топшириқ берган.

“Бирор соҳа қолмаслиги керак иш ҳақи бермаган. Президентимиз ҳар дақиқани инсон қадрини юксалтиришга сафарбар қилаётган бир пайтда ҳеч бир фуқарони уйида байрам тушкун кайфиятда ўтмаслиги керак. Таътилга чиқмасдан ишлаган ходимларни ҳам қонун доирасида мукофотлаш чорасини кўриш керак”, - дейди Муроджон Азимов 14 декабрь куни.

Бироқ ҳоким белгилаган 25 декабрда ҳам, ундан кейин ўтган 5 кунда ҳам қашқадарёлик ишчи-ходимлар ойликларини тўла олишмади.

Nasafnews.uz нашри ҳам Қашқадарёдаги бюджет идораларига ойликлар берилмаётганига эътибор қаратиб, “Қашқадaрё вилоятининг янги ҳокими бажара олмаса, нега катта гапирди?”, дея истеҳзо қилди.

Нашрнинг Телеграм-каналида ўтказган “Cиз иш ҳақингизни ёки мукофот пулини олдингизми?” номли сўровига 415та шарҳ қолдирилган бўлиб, шарҳларнинг 95 фоизида ойликлар олинмагани ёзилган.

Қашқадарё вилоят Молия бошқармасининг Озодлик 30 декабрь куни боғланган масъули ойликлар билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини яширишга ҳаракат қилди:

“Ҳамма идоралар аванс пулларини берган, қолган пуллари ҳам 1-2 кунда тушади. Ҳеч қандай муаммо йўқ”.

Бироқ молия идорасига яқин манбага кўра, бюджет ташкилотлари ишчи-ходимларининг ойликлари билан боғлиқ муаммони ғазнада пул йўқлиги билан изоҳлади.

“Хабарингиз бор, президентимиз GTL заводи очилишига келиб кетдилар. Бунга вилоятда бир ой тайёргарлик кўрилди. Ундан аввал сайлов билан боғлиқ харажатлар бўлди. Кейин 44 та давлатдаги юртимиз элчилари Қашқадарё вилоятига ташриф буюришди, улар билан бутун вилоят бўйлаб учрашувлар ўтказилди. Бу учрашувларга ҳам қанча харажат қилинди. Ойликлар вақтида берилмаслиги олдиндан маълум эди. Шунинг учун одамлар тўполон қилмасин деб, вилоят ҳокими декабрнинг ўртасида “ойликлар вақтида берилсин” деб топшириқ ҳам берди. Лекин ойликлар кейинги икки ҳафта давомида берилса ҳам катта гап”, деди исми ошкор қилинмаслигини сўраган манба.

25 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қарийб $4 млрд сарфланган Uzbekistan GTL заводини ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Икки ой аввал Мирзиёев завод қуриб битказилгани, бироқ уни ишга туширишга шошилмаётгани тўғрисида баёнот берганди.

Ушбу заводни 2020 йилнинг охирида фойдаланишга топшириш режалаштирилган эди. Кейинроқ яна икки муддат белгиланиб, бу муддатларда ҳам корхона ишга тушмади.

Ўша пайтда таҳлилчилар заводни ишга тушириш хомашё таъминоти масаласи билан боғлиқлигини таъкидлашган.

Uzbekistan GTL заводи бир йилда қайта ишлайдиган газ миқдори мамлакат аҳолиси бир йил давомида ёқадиган газ ҳажмининг учдан бир қисмига тенг.

Расмий маълумотга кўра, ушбу завод йилига 3,6 млрд. метр куб табиий газни қайта ишлайди.

XS
SM
MD
LG