26 май куни Украина дрони Оренбург вилоятининг Орск шаҳрида жойлашган “Воронеж М” узоқ масофали нишонни аниқлаш радар станциясига ҳужум қилди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармасидаги (ГУР) манбага таяниб, “Украиинская правда” нашри хабар бермоқда.
“Украина дрони 1800 километр узоқликдаги душман объектини нишонга олди, бу янги рекорддир”, — дейди нашр манбаси. Радиолокацион станцияга (РЛС)етказилган зарар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда, дея қўшимча қилган у.
Аввалроқ маҳаллий нашрлар Қозоғистон билан чегарада жойлашган Орск яқинида дрон қулагани ҳақида хабар берган эди. Уларнинг ёзишича, одамларга ва инфратузилмага шикаст етмаган.
Русларнинг “Военный осведомитель” ва "Рибар" телеграм каналлари Украина дрони Орск яқинидаги Горковское қишлоғида жойлашган Воронеж-М РЛСни нишонга олганини айтмоқда.
"Воронеж-М" радарлар туркуми Россия ядро хавфсизлигининг таркибий қисми бўлиб, космик ва аэродинамик объектларни, шу жумладан баллистик ва қанотли ракеталарни аниқлаш учун мўлжалланган. "Воронеж-М" 6 минг километргача бўлган масофадаги нишонларни аниқлашга ва бир вақтнинг ўзида 500 тагача объектни кузатишга қодир.
23 май куни дронлар Краснодар ўлкасининг Армавир шаҳри яқинидаги ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, "Воронеж-ДМ" РЛСга зарар етказган эди.
Россия Мудофаа вазирлиги зарба ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади.
9 май куни Украина дрони Бошқирдистоннинг Салават шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Бу завод Украина чегарасидан бир ярим минг километр узоқликда жойлашган. Шундай қилиб, Салават Украина дрони ҳужумига учраган энг олис шаҳар бўлди.
Украина дрони 1800 километр узоқликдаги душман объектини нишонга олди, бу янги рекорддир.