Ссылки доступа

Киевда БМТ Бош котиби Зеленский билан Мариупол аҳолисини эвакуация қилиш масаласини муҳокама қилди


Генсек ООН в Бородянке
Генсек ООН в Бородянке

Мариуполдан тинч аҳолини эвакуация қилиш БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг пайшанба куни Украинага ташрифининг асосий мавзуларидан бири эди.

Киевда Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Гутерриш Россия қўшинлари томонидан қамал қилинган Мариуполдаги Азовстал заводидан эвакуация амалга ошиши учун барча имкониятларни ишга солаётганини айтди. У эвакуация бўйича музокараларга халақит бермаслик учун тафсилотларни маълум қилмади. Шу билан бирга, Гутерришнинг таъкидлашича, шу ҳафта Москвага ташрифи чоғида Россия президенти Владимир Путин БМТ ва Қизил Хоч ташкилотининг эвакуацияда иштирок этишига принципиал жиҳатдан рози бўлган.

Агентликларнинг хабар беришича, БМТ расмийлари Киевда ҳам, Москвада ҳам эвакуацияни таъминлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Йирик Азовстал заводи Россиянинг икки ойлик қамалидан сўнг Мариуполдаги Украина ҳарбий қаршиликларининг сўнгги ўчоғидир. У ерда қўлларида қурол-яроғ бўлган ҳарбийлардан ташқари, бир неча юзлаб ярадорлар, тинч аҳоли ҳам борлиги айтилади. Украина заводдаги барчага Киев назорати остидаги ҳудудга эвакуация қилинишига рухсат берилишини талаб қилмоқда. Россия ҳукумати ҳарбийлар таслим бўлиши кераклигини, тинч аҳолига эса рус қўшинлари ёки сепаратистлар назорати остидаги ҳудудга боришни таклиф қилмоқда.

Гутерриш Украинага ташрифи давомида Киев яқинидаги ишғол пайтида кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлган Буча, Ирпин ва Бородянка шаҳарларида ҳам бўлди. У Халқаро Жиноят Судининг Россия қўшинлари томонидан ҳарбий жиноятлар содир этиш эҳтимоли бўйича терговини қўллаб-қувватлади. БМТ Бош котиби Россиянинг ҳаракатларини қоралаб, Украина яхлитлигини қўллаб-қувватлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Киевда бўлганида Украина пойтахти бир неча марта ракета ҳужумларига учраган. Улар қандай объектга қилингани ва қурбонлар борми — бу ҳақда расман хабар берилмаган.

XS
SM
MD
LG