29 июнь куни мамлакатда фаолияти таъқиқланган мухолифат ташкилоти – Тожикистон ислоҳотлар ва тараққиёт сиёсий ҳаракати етакчиси Шарофиддин Гадоев ўз мурожаатини Фейсбукда чоп этди.
БМТ матбуот хизмати хабарига кўра, 29 июнь куни ташкилот раҳбари Марказий Осиёга сафарини бошлади, унинг доирасида бош котиб Тожикистонга ҳам ташриф буюрмоқчи. Душанбеда ҳам Эмомали Раҳмон, ҳам ҳукумат аъзолари ва жамоат ташкилотлари аъзолари билан учрашиши режалаштирилган.
Шарофиддин Гадоев ушбу сафар чоғида БМТ бош котиби 2005 йидан кейин турмаларга ташланган ўнлаб сиёсий маҳбуслар масаласини кўтариши лозимлигига ишонади. Тожик расмийлари мамлакат қамоқхоналарида сиёсий маҳбуслар мавжудлигини тан олишмаган, уларни Тожикистон Жиноий кодексини бузганлиги учун кесилганлар деб ҳисоблайди.
Мухолифат етакчиси шунингдек, икки йил олдинги норозилик чиқишлари муносабати билан Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг юзлаб яшовчилари таъқибга учраганлигини эслатиб ўтди. «2022 йилда 250 дан зиёд киши норозилик акцияси вақтида қўлга олинди ва керакли суд жараёнларисиз ўн йиллаб муддатга озодликдан маҳрум этилди», - деб ёзди у.
Гадоев БМТ раҳбарини “2022 йил май ойидаги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Рушан туманидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қуролсиз тинч одамларни ўққа тутган ва натижада 38 кишининг ўлимига олиб келган воқеалар юзасидан тергов уюштириш”га чақирди.
Тожикистон расмийлари ТБАВ даги ҳодисаларни “аксилтеррор” операцияси деб атайди, расмий маълумотларга кўра, унда 16 киши, мустақил манбаларга кўра, 40 яқин киши ҳалок бўлган.
Ўз мурожаатида мухолифат етакчиси шунингдек, Гутерришни 2022 йилдан кейин узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган Абдуқодир Рустам, Далер Имомали, Абдулло Гурбати, Завқибеки Саидамини, Улфатхоним Мамадшоева, Муҳаммади Султон, Хушруз Жумаев, Абдусаттор Пирмуҳаммадзода, Ҳуршед Фозилов каби бошқа журналистлар, блогерлар ва фаолларни озод қилиш масаласини кўтаришга чақирди.