Россиядаги меҳнат муҳожирларга ёрдам беришга ихтисослашган ҳуқуқбон ва "Мемориал" ташкилотининг аъзоси Бахром Ҳамроев 23 январь куни Владимирдаги "Владимирский Централ" номи билан машҳур 2-қамоқхонада калтакланган.
Бу ҳақда унинг рафиқаси Зуҳрага таяниб "Медиазона" хабар бермоқда.
Баҳром Ҳамроев сақлаш шароитлари устидан шикоятидан ғазабланган нозирлар уни сўкиб ҳақорат қилган ва калтаклаган. Бундан хабар топган бошқа мусулмон маҳбуслар Ҳамроевни калтаклашни бас қилишни талаб қилган, бироқ нозирлар улари ҳам калтаклаган, дейди Зухра Ҳамроева.
Бундан Ҳамроевнинг адвокати хабар топди ва Тергов қўмитасига мурожаат қилди, натижада тергов бошланган. Қамоқхона шифокорлари жароҳатларни қайд этишдан бош тортишган, аммо прокуратура вакили уларни қайд этган. Аввалроқ мусодара қилинган Қуръон ва дори-дармонлари Бахром Ҳамроевга қайтарилган.
Бахром Ҳамроев Россияга келган меҳнат муҳожирларига кўмаклашувчи "Ёрдам" жамғармасини бошқарган. У 2022 йил февраль ойида терроризмга чақириқлар ҳамда террорчилик ташкилоти фаолиятини ташкил этишда айбланган. ФСБ иддаосига кўра, Ҳамроев ўзининг шахсий саҳифасида Россияда тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” ҳаракатига оид материалларни жойлаштириб келган. 2023 йил май ойида у қаттиқ тартибли колонияда 14 йил жазо ўташга ҳукм қилинган.