Имомлар "қизил" паспортларнинг йиғиштириб олинишини Москвадаги "Крокус" воқеалари билан боғлашди ва имомлар устидан назоратни кучайтириш уриниши дея баҳолашди.
3 апрель куни Ўзбекистондаги барча масжид имомлари хорижга чиқиш паспортларини "вакилликка топширишлари" сўралган хат олишган.
Тошкент шаҳар Бош имом хатиби ёрдамчиси Эргаш Рустамов номидан туман бош имом хатибларига юборилган хатда (Озодликда нусхаси мавжуд-таҳр.) жумладан, бундай дейилган:
“Ассаламу алайкум, ҳурматли туман Бош имом хатиблари! Хамма масжид имом хатиблари ва имом ноибларининг хорижга чиқиш (қизил) паспортларини рўйхат асосида йиғиштириб оламиз, сўнг вакилликка расмий топширамиз. Бунга туман бош имом хатиблари масъул! Ҳозирдан бошлаймиз”.
Ишдан ҳайдалиши хавфи боис исмини очиқламаган тошкентлик имом қизил паспортлари йиғиштириб олинаётганини Россиядаги "Крокус Сити Ҳолл"даги ҳужум билан боғлади.
“Россиядаги охирги воқеалардан кейин, имомларга, умуман диндорларга нисбатан жиддий чоралар кўрилиши кутилмоқда. Бир неча кундан бери бизни шундай деб, хорижга чиқиш паспортини Диний идора вакиллигига топширишликка мажбурлашяпти. Агар ким топширишдан бош тортса, ишдан бўшатиш билан қўрқитишяпти. Сабаби имомларнинг хорижга чиқишининг олдини олиш. Ҳозирги кунда имомларга жуда катта босим бўляпти. Шу сабаб баъзи имомлар мамлакатни тарк этиб кетишидан хавотирда”, - дейди исми сир қолишини истаган имом.
Тошкент шаҳар Бош имом хатиби ёрдамчиси Эргаш Рустамов паспортлар имомлардан "хатловдан ўтказиш учун" олиняпти, дея ҳолатни изоҳлашга уринди.
Имомлар қизил паспортларининг чет элга кетишга шай бўлиб турсин, деган важ билан Мусулмонлар идорасида сақлаб турилиши ҳеч бир мантиққа тўғри келмаслигини айтишади.
“...Мақсад - имомларни чет элга нима мақсадда бўлса ҳам сафар қилишини тўхтатиш. Масалан, қўшни республикаларга тўй маросимларга бориш ёки Туркия, Дубайга саёхат қилишини чеклаш. Диний идоранинг энг асосий қўрққани ҳозирги кунда имомларга жуда катта босим бўляпти.Шу сабаб баъзи имомлар мамлакатни тарк этиб кетишидан хавотирда...”, - дейди имом.
Ўтган йил сентябрь ойида ўтказилган ҳукумат йиғилишида мамлакатда "диний радикаллашув кучайиб бораётганидан" ташвиш билдирилган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бу соҳадаги назорат кучайтирилиши айтилганди.
Мажлисда иштирок этган мулозимлардан бирининг айтишича, давлат хизматчилари, ҳукумат аъзолари орасида ҳам хизмат жойларида намоз ўқиш, шаръий никоҳ асосидаги кўпхотинлик ва диний русумдаги анжуманларга бориш тенденцияси кучайгани танқид остига олинган.
Озодлик манбаси Бош вазир Ариповнинг “Амалдорлар ё динни танласин, ёки давлатдаги ишини танласин” деган сўзларини келтирган.
Бунинг ортидан Ўзбекистоннинг бир неча масжидларидаги овоз кучайтиргичларда азон овозлари пасайтирилди.