Ссылки доступа

English Index: Инглизчаси "жуда паст" Ўзбекистонда ота-оналар пулини репетиторга сарфлаяпти


Дунё мамлакатлари аҳолисининг инглиз тилини билиш даражасини ўрганиб, бу соҳада ҳар йили рейтинг тузувчи EF English Proficiency Index тадқиқот маркази бу йил ҳам Ўзбекистонни тилни “жуда паст” билувчи мамлакатлар қаторига қўйди.

Айни пайтда ўзбекистонликлар ўз болаларининг чет тилларни ўрганишига катта эътибор қаратмоқда, имкони борлар ўғил-қизларини тил ўрганиш курсларига, репетиторларга бермоқда.

Ўзбекистон ҳукумати кейинги йилларда чет тилларни оммалаштиришга доир бир неча қарор чиқарган, бундай қарорлардан сўнггиси жорий йил баҳорида қабул қилинган эди.

Мутахассислар фикрича, инглиз тилини билиш даражасини кўтариш йўлида тўсиқлардан бири дарсликлар сифатсизлиги бўлса, иккинчиси инглиз тили ўқитувчилари билими пастлигидир.

Аҳоли ўртасида инглиз тилини билиш даражаси бўйича EF English Proficiency Index рейтингида Ўзбекистон жорий йилда 122 мамлакат орасида 88-ўринни эгаллади. Бу ўтган бир йил ичида инглиз тилини билиш бўйича мамлакат позицияси ўзгармаганини кўрсатади.

Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қозоғистон рейтингда 96-ўринга, Қирғизистон 101-ўринга, Тожикистон эса 103-ўринга қўйилган. Туркманистон рейтингга киритилган эмас.

Рейтингда мамлакатлар аҳолисининг инглиз тилини билиш даражасига қараб 5 тоифага (“жуда юқори”, “юқори”, “ўртача”, “паст”, “жуда паст”) бўлинган.

Бу йилги рўйхат бошида аҳолиси инглизчани “жуда юқори” даражада ўзлаштирган Ҳолландия, Австрия, Дания, Сингапур ва Норвегия каби давлатлар турибди. Рўйхат охиридан эса Ливия, Руанда, Конго, Жанубий Судан ва Яман каби мамлакатлар ўрин олган.

Ўзбекистон инглиз тилини билиш даражаси бўйича Марказий Осиёдаги қўшниларидан олдинда, бироқ минтақадаги бу постсовет давлатлари ёппасига “жуда паст” даражада қолаётганини мутахассислар бу давлатларнинг ўн йилликлар давомида асосий эътиборни рус тилига қаратгани билан тушунтиради. Рус тили асосий тил бўлган Россия рейтингнинг 51- поғонасини эгаллаган.

Ўзбекистонликлар бутун ер юзи бўйлаб “миллатлараро сўзлашув тили”га айланиб қолган инглиз тилини болаларига ўргатишга катта қизиқиш билдираётгани Озодлик ўтказган суҳбатлардан маълум бўлди.

Тошкентлик Шоира Ғуломова, тўрт фарзанднинг онаси гапига қараганда, унинг оиласи инглиз тили репетиторларга ҳар бир фарзанди учун ойига 500 минг сўмдан, жами 2 миллион сўм тўлайди. Мақсадимиз - фарзандларимизни чет элда ўқитиш. Бунинг учун эса, улар инглиз тилини билиш даражаси бўйича халқаро тестдан ўта олишлари керак. Мактаб дастури доирасида оладиган билимлари бундай тестдан ўтишга имкон бермайди”.

Шоира Ғуломованинг айтишича, шу кунда Тошкентда тил ўргатадиган юзлаб курслар, улар орасида бир ойлик ўқиш бир миллион сўм турадиганлари ҳам бор.

Инглиз тили ўқитувчиларининг билими ўта пастлигини ҳукуматнинг ўзи ҳам тан олган.

1400 та мактабда чет тилини ўқитиш аҳволи талабга жавоб бермаслиги, 2000 та чет тили ўқитувчилари лавозими вакант қолаётгани, мактабларда ишлаётган жами 53 минг нафар чет тили ўқитувчиларининг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил билиш тўғрисидаги сертификатларга эгалиги жорий йилнинг 6 майида президент Мирзиёев раислигида чет тилларни ўқитишни такомиллаштиришга бағишланган видеоселекторда эътироф этилган эди.

Ўша йиғилишда 11 минг нафар инглиз тили ўқитувчиси тест топширгани, уларнинг 49 фоизи тестдан ўтолмагани ҳам айтилган.

6 май кунги видеоселектор йиғилиши ортидан 19 майда Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

XS
SM
MD
LG