Ссылки доступа

Эрон Россиянинг Донбасс ва Қрим аннексиясини тан олишдан бош тортди


Амир Абдоллахиян
Амир Абдоллахиян

Теҳрон ва Москва ўртасидаги аъло даражадаги муносабатларга қарамай, Эрон Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади.

Эрон Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларини Россияники деб тан олмайди.

Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Туркиянинг TRT World телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Биз халқаро ҳуқуқ доирасида мамлакатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан оламиз ва шу сабабли Теҳрон ва Москва ўртасидаги аъло даражадаги муносабатларга қарамай, Қримнинг Украинадан ажратилишини тан олмаймиз. Биз Луганск ва Донецкнинг Украинадан ажратилишини тан олмаймиз», деди Эрон ТИВ раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Эрон расмийлари ташқи сиёсатда «изчиллик тамойилига» содиқ қолади.

«Биз Украинадаги уруш ечим эмас деб ҳисоблаймиз ва бу борадаги фундаментал сиёсий тамойилга асосланадиган позициямизга ишонамиз», деди Абдуллоҳиён.

Россия Қримни 2014 йилда аннексия қилди. 2022 йилда Украинага бостириб кирганидан кейин Россия ҳукумати Украинанинг Донецк, Луганск, Запорижжя ва Херсон вилоятларини аннексия қилганини эълон этди. Киевнинг фикрича, Россия назорати остидаги ҳудудлар вақтинчалик босиб олинган.

Россия Қуролли кучлари Украинадаги урушда Эронда ишлаб чиқарилган дронлардан фойдаланмоқда. Теҳрон бир неча ой давомида Москвага учувчисиз самолётлар етказиб берганини рад этиб келди. Бироқ 2022 йилнинг ноябрида Эрон ташқи ишлар вазири буни биринчи марта тан олди. Унинг таъкидлашича, бу уруш бошланишидан олдин юборилган оз сонли дронлардир.

XS
SM
MD
LG