Ссылки доступа

Эронда 16 ёшли қизнинг полиция томонидан калтакланганидан сўнг яна норозилик намойишлари бошланди


Верховный лидер Ирана аятолла Али Хаменеи
Верховный лидер Ирана аятолла Али Хаменеи

Ҳафта охирида Эронда 16 ёшли Асра Панаҳий Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийни мадҳ этувчи қўшиқ куйлашдан бош тортгани учун мактабда хавфсизлик кучлари томонидан калтакланганидан сўнг касалхонада вафот этганидан сўнг яна намойишлар бўлиб ўтди.

The Guardian нашрининг ёзишича, воқеа 13 октябрь куни мамлакат шимоли-ғарбидаги Ардабил шаҳрида содир бўлган. Эрон профессионал ўқитувчилар уюшмалари мувофиқлаштирувчи кенгашига кўра, ўша куни хавфсизлик кучлари қизлар лицейига келиб, Эрон раҳбарини мадҳ этувчи қўшиқ куйлашни талаб қилган. Рад этишга жавобан улар талабаларни калтаклашган, натижада уларнинг бир нечтаси касалхонага ётқизилган, бошқалари ҳибсга олинган. 14 октябрь, жума куни Панаҳи шифохонада вафот этди.

Нашрнинг ёзишича, Эрон расмийлари ҳодиса учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Асра Панаҳийнинг ўлими мамлакатда ғазаб тўлқинини келтириб чиқарди. Шундан сўнг давлат телеканаллари эфирида ўзини амакиси деб атаган эркак унинг туғма юрак хасталигидан вафот этганини айтди.

Эронда норозилик намойишлари 22 ёшли талаба Маҳса Аминийнинг ўлимидан сўнг бошланди. У ҳижобни нотўғри кийгани учун кўчада ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган. Қариндошларининг айтишича, 16 сентябрь куни қиз калтакланиш оқибатида касалхонада вафот этган. Расмийларнинг айтишича, Аминининг юраги билан боғлиқ муаммолар бўлган. Эронлик аёллар норозилик сифатида сочларини кесиб, ҳижобларини ёқиб юборишган. Минглаб одамлар кўчаларга чиқди. Улар Аминининг ўлими юзасидан тергов ўтказишни талаб қилишди.

Намойишлар шафқатсизларча бостирилди. Ўтган ҳафта расмийлар норозиликларга жавобан мактабларда бир қатор рейдлар ўтказди. Видеолавҳаларда полиция синф хоналарига бостириб киргани, ўқувчи қизларни ҳибсга олиб, машиналарга мажбурлаб солгани, мактаб биноларига кўздан ёш оқизувчи газ қўллагани кўринади. Эрон ўқитувчилар касаба уюшмаси “шафқатсиз ва ғайриинсоний” рейдларни қоралаб, таълим вазири Юсуф Нурийни истеъфога чиқишга чақирди.

16 ёшли Назниннинг айтишича, ота-онаси унга намойишларда қатнашишни тақиқлаган. "Ота-онам ҳаётимдан қўрқиб мактабга боришга рухсат беришмади. Лекин нима ўзгарди? Режим ўқувчи қизларни ўлдиришда ва қамоққа олишда давом этмоқда", - дейди у. Унинг сўзларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб ёшлар норозилик билдириш учун кўчаларга чиқишга қарор қилган, у ҳам митингларда қатнашиш ниятида.

Эрон инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, 17 октябрь ҳолатига кўра, мамлакат бўйлаб намойишларда 215 киши, жумладан, 27 бола ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG