Ссылки доступа

Эрон гипертовушли ракета яратганини эълон қилди


Эрон Аэрокосмик кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизода Эрон гипертовушли баллистик ракета яратганини айтди. Унинг сўзларини Эроннинг Тасним агентлиги келтирмоқда.

“Ракета юқори тезликда ишлайди, у атмосферада ҳам, унинг устида ҳам маневр қила олади”, деди Ҳожизода. Унинг қўшимча қилишича, ракета замонавий ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ҳимоясини уриб ўтишга қодир.

Бироқ Эрон бундай ракета синовлари ҳақида хабар бермади, деб хабар беради Reuters. Ғарб ҳарбий таҳлилчиларига кўра, Эрон “баъзан қурол-яроғ соҳасида ўз имкониятларини ошириб юборади”.

Гиперсоник ракеталар товуш тезлигидан камида беш баравар юқори мураккаб траэкторияларда уча олади, бу эса уларни ушлаб қолишни қийинлаштиради. Маълумки, бундай ракеталарнинг синовлари Россия, Хитой, АҚШ ва, эҳтимол, КХДР томонидан амалга оширилган. Австралия, Буюк Британия ва Франция ҳам гипертовушли қурол яратиш режаларини эълон қилган эди.

Ноябрь ойи бошида Эрон ўзининг биринчи уч босқичли космик ракета – Ghaem 100ни синовдан ўтказганини, у оғирлиги 80 килограммгача бўлган сунъий йўлдошларни Ер юзасидан 500 километр баландликдаги орбитага олиб чиқишга қодирлигини билдирган эди.

АҚШ Эроннинг ҳаракатларини «беқарорлаштирувчи» деб атади. Вашингтон Ghaem 100 ядровий каллакни ташиш учун ҳам ишлатилиши мумкинлигидан хавотирда. Теҳрон бундай ниятларни рад этади.

XS
SM
MD
LG