Ссылки доступа

Манба: Туркманистон бош прокурори ва пойтахт прокурори ҳибсга олинди

Бош прокурор Сердар Мяликгулиев
Бош прокурор Сердар Мяликгулиев

Уларга савдо тизими ва қишлоқ хўжалигидаги жиддий муаммолар юзасидан гап теккан.

Туркманистонда Ашхобод прокурори Овезмаммед Шихмаммедов ҳибсга олинди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

Бу маълумотни тасдиқлаган Озодлик радиосининг манбаси айтишича, Шихмаммедовнинг ҳибсга олиниши ўтган ҳафта ишдан бўшатилиб ҳибсга олинган Туркманистон Бош прокурори Сердар Мяликгулиев ишининг мантиқий давомидир.

Туркманистоннинг расмий ОАВлари 2 февраль куни Ашхобод прокурори Овезмаммед Шихмаммедов “хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги ва ишда жиддий камчиликларша йўл қўйгани учун” ишдан бўшатилганини маълум қилган. ОАВ собиқ прокурор ўз ишида айнан қандай камчиликларга йўл қўйганига аниқлик киритмаган.

Turkmen.news нашри 3 февраль куни ўз манбаларига таяниб, ишдан бўшатилган Шихмаммедов ҳибсга ҳам олинганиги маълум қилди.

“Уни Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари қўлга олган, сабабини ҳатто прокуратурадагиларнинг ўзи ҳам билмайди”, деган нашрнинг манбаси.

Озодлик радиосининг манбаси ҳам ушбу маълумотни тасдиқлади. Манбага кўра, 16 январь куни Давлат хавфсизлик кенгаши йиғилишида намойишкорона ишдан ҳайдалган Туркманистоннинг собиқ бош прокурори Сердар Мяликгулиев ҳам ҳибсга олинган.

“Бош прокурор (Сердар Мяликгулев) ўтган ҳафта мажлисдан ҳайдаб чиқарилгандан сўнг дарҳол ҳибсга олинган. У Шихмаммедовга қарши кўрсатма берган бўлиши мумкин. Аммо тозалаш нафақат прокуратурада, балки савдо тизимида ҳам кетяпти. Яқинда уларнинг тавба қилаётгани телевидениега олиб чиқилса керак”, дейди Озодлик манбаси.

Унинг таъкидлашича, прокуратурадаги тозалаш савдо тизимидаги катта ўзлаштиришлар билан боғлиқ. Собиқ бош прокурор қишлоқ хўжалигидаги аянчли вазият деб ҳам "куйган".

“Бош прокурорга қишлоқ хўжалигидаги жиддий муаммолар юзасидан гап теккан. Ўтган мавсум фалокатли бўлди. Буғдой режасининг ярми ҳам бажарилмади. Пахтада ҳам вазият худди шундай. Аммо Бош прокурорни Бердимуҳамедовнинг яқинлари қўллаб-қувватламоқда. Айтишларича, у Гурбангули (Бердимуҳамедов)нинг марҳум онасининг узоқ қариндоши экан. Ҳозирда Бердимуҳамедовнинг опа-сингилларидан бири унинг ҳимоясига отланган. Аммо прокурор савдо тизимидаги маблағларни ўғирлашда қай даражада иштирок этганини эшитган президент жуда ғазабланган”, дейди манба.

Давлат хавфсизлик кенгашининг 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида 2013-2021 йилларда адлия вазири лавозимида ишлаб келган Бегмурат Муҳамедов Туркманистоннинг янги бош прокурори этиб тайинланган.

XS
SM
MD
LG