Душанбеда Тожикистон собиқ парламент спикери Акбаршо Искандаров қўлга олинган. Бу маълумотни 21 июнь куни Озодликнинг тожик хизматига бир неча манба тасдиқлаган.
73 ёшда бўлган Акбаршо Искандаров Тожикистон фуқаролар уруши даврида Олий Кенгаш раиси ва ҳатто вақтинча Тожикистон президенти лавозимида ишлаган.
“Озоди” манбаларига кўра, Бош прокуратураси ходимлари 13 ва 14 июнь кунлари Акбаршо Искандаровни сўроққа чақириб, "кейин қўйиб юбормаган”.
Расмий тузилмалар собиқ мулозимнинг қўлга олингани ёки озод қилинганига оид маълумотни тасдиқлаган ҳам, рад қилган ҳам эмас.
Аввалроқ Тожикистон собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий қўлга олинган эди.
Бу икки нафақадаги собиқ давлат арбоблари “давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга уринганлик” айблови билан ушланган Тожикистон парламенти депутати Саиджаъфар Усмонзода билан бир кунда қўлга олинган.
Тожикистон мухолифати Зарифийнинг қўлга олинишини Усмонзода иши билан боғламоқда. Бу борада расмийлар томонидан бирор изоҳ берилмаган. Озодликнинг тожик хизмати суҳбатдошлари Зарифий Саиджаъфар Усмонзода билан мулоқот қилиб турганини, бироқ унинг қўлга олиниши собиқ депутат иши билан боғлиқ ёки эмаслигини аниқ билмасликларини айтганлар.
14 июнь куни Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон Усмонзодани депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш тақдимномаси билан парламент депутатларига мурожаат қилган. Мажлисда иштирок этган депутатларнинг ҳаммаси бир овоздан прокуратура илтимосномасини қаноатлантиришиб, Усмонзоданинг ҳибсга олинишига розилик беришган.
Усмонзоданинг қариндошлари “Озоди” радиоси билан суҳбатда депутатга қўйилган ҳокимиятни эгаллаб олишга уринганлик айбловини “туҳмат” деб аташиб, “бундай режа Усмонзоданинг ҳатто хаёлида ҳам ҳеч қачон бўлмаган”ини айтишган.
Аввалроқ собиқ ташқи ишлар вазири ва амалдаги депутат қўлга олинган эди.