Ссылки доступа

Дон ортилган биринчи кема Одесса портидан чиқиб кетди


Иллюстративное фото

Кема портни маҳаллий вақт билан тахминан 8:45 да тарк этган. Бошқа тафсилотлар келтирилмаяпти.

Москва ва Киев ўртасида Украина портларидан дон олиб чиқиб кетиш ҳақидаги келишувга 22 июль куни Истанбулда БМТ иштирокида эришилган эди. Дон ортилган илк кемалар Туркияга 3 август куни етиб келиши режалаштирилганди. Шундан кейин юк, шу жумладан, Сомалига йўналтирилиши керак, у ергача йўл бир ярим ойга қадар вақт олиши мумкин.

Аввалроқ Туркия Мудофаа вазирлиги Украинада Россия ҳарбий операцияси бошланганидан буён биринчи дон ортилган кема Қора денгиздаги портдан 1 август куни маҳаллий вақт билан 8:30 да чиқишини эълон қилганди.

Битимга мувофиқ, Киев Одесса, Черноморск ва Жанубий портлари орқали дон чиқариб кета олади. Украина инфратузилма вазири ўринбосари Юрий Васьков аввалроқ экспорт Черноморскдан бошланишини, кейин эса Киев бошқа портлардан кемаларни юборишга тайёр бўлишини айтган эди. 29 июль куни мамлакат президенти Владимир Зеленский турк кемасига юк ортилаётган Черноморск портига келди.

Экспорт ҳақидаги келишувларга кўра, денгиз орқали буғдой экспорти учун хавфсиз йўлак яратилди, юк ортилишини Туркия ва БМТ вакиллари кузатиб боради, кемаларни эса Қора денгизга кириш ва чиқишда Анқара, Москва, Киев ва БМТ вакилларидан иборат мувофиқлаштириш маркази текширади. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу қайд этишича, бу бўш кемаларда қурол олиб ўтилишини истисно қилиш учун зарурдир.

Экспорт учун мўлжалланган дон ортилган кемалар Украинада жанговар ҳаракатлар бошланганидан кейин мамлакат денгиз портларида қамалиб қолди. Украина ҳукумати ва БМТ кемалар йўлининг тўсилиб қолишида Россияни айблади. Россия Мудофаа вазирлиги эса кемалар Украина денгизга жойлаштирган миналар туфайли портлардан чиқа олмаётганини таъкидлаганди.

XS
SM
MD
LG