Ссылки доступа

Ғазодагилар сулҳга рози бўлди. Исроил амалиёт мақсадига эришилганини маълум қилди


Исроил ҳукумати ҳам сулҳ келишувига эришилганини маълум қилди, шу билан бирга, агар ўт ўчишни бузиш режими бекор бўлса, куч қўллашга тайёрлигини қайд этди.

Сулҳ маҳаллий вақт билан соат 23:30 дан кучга кирган. Аввалига бу соат 20:00 да бошланиши кўзда тутилганди.

«Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим матни Миср билан келишиб олинди, бу битим Миср икки маҳбус [Бассем] ал-Саъдий ва [Халил] Ававдеханинг озод этилиши устида иш олиб боришини назарда тутади», дейилган «Исломий жиҳод» гуруҳи вакили Муҳаммад ал-Ҳиндий.

«Исломий жиҳод» сиёсий қанотининг юқори мартабали аъзоси бўлган Саъдий 1 август куни Ғарбий соҳилда қўлга олинганди; жангари гуруҳ вакили бўлган Ававдех ҳам Исроил қўлида қолмоқда.

Ўз навбатида, Исроил бош вазири Яир Лапид Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёт ўз мақсадига эришгани, шу туфайли уни давом эттиришдан маъно йўқлигини айтган.

Ғазо секторидаги ҳозирги кескинлик - 2021 йил майидан буён энг жиддийси бўлди. Ўшанда ҲАМАС ва Исроил кучлари ўртасидаги отишмалар 11 кун давом этганди.

Аввалроқ Исроил мудофаа вазири Бенни Ганс Ғазода бошланган «Тонгда» амалиёти ҳали бир ҳафта давом этишини айтганди.

«Биз «Исломий жиҳод» ракета ишлаб чиқариш ва учириш учун фойдаланган ўнлаб ҳарбий объектларни йўқ қилдик. «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимида ишлаётган аскарлар нишонлардан кўз узмай ватанни ҳимоя қилишни давом эттирмоқда», деган Ганс.

Исроил мудофаа армияси аввалроқ Ғазодаги 26 та нишонни йўқ қилиш учун ҳарбий авиация 16 тонна ракета ва авиабомба сарфлагани ҳақида хабар берганди.

Можаронинг янгидан авж олиши жума куни, Ғазода «Исломий жиҳод»нинг юқори мартабали вакили Тайсир ал-Жабрий (Абу Махмуд) ўлдирилгач бошланди. Шанба куни Исроил ҳарбийлари ташкилотнинг яна бир етакчиси Холид Мансурни ҳам йўқ қилди.

XS
SM
MD
LG