Ссылки доступа

"100 минг рублга қарз қилиб қўйишган". Калининграддаги ўзбек мигрантлари паспортларини қайтаришни сўрамоқда


Меҳнат миграцияси билан Ўзбекистонда Меҳнат вазирлиги идоралари шуғулланади

Калининград вилоятидаги балиқ заводида ишлаётган ўзбек муҳожирлари жуда кам ҳақ эвазига ишлатилаётгани ва паспортлари олиб қўйилганидан шикоят қилмоқда.

Россиянинг Калининград вилоятидаги “За Родину!” балиқни қайта ишлаш комбинатига Андижон ва Қашқадарёдан олиб келинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари берилаётган маошлардан норози эканини билдириб, Озодликка мурожаат қилди.

Аниқланишича, балиқ заводида Қорачой-Черкесия республикасидаги “Южный" Агрокомбинатидан олиб келинган андижонлик муҳожирлар ҳам ишламоқда. Озодлик “Южный" Агрокомбинатидаги вазият борасида олдинроқ видеолавҳа эълон қилган эди.

Ўзини Одилжон деб таништирган андижонлик ишчилардан бирига кўра, комбинатга ишга жойлаштирган “Григорян” хусусий тадбиркорлик ширкати раҳбарияти уларнинг паспортларини олиб қўйган.

- Биз Черкесияда жуда оғир вазиятда ишлаётганимиздан шикоят қила бошлаганимиздан кейин агентликдан одам келди ва бизни “Соатига 125 рублдан 8 соатлик ва подработкали бошқа иш бор, Калининградда”, деди. Бизга “товуққа” деб келганди, балиқни тозалаш экан. “За Родину!” заводида балиқнинг кўзидан сих ўтказиш керак, ҳар бир донаси 75 копейка экан. Кунига 1700-1800 норма қўйилган. Ҳозир келганлардан 6-7 одам касал бўлиб ётибди, “Бу шартлар бизга тўғри келмайди” деса, дўқ қилиб, “Паспортингни бермайман, қарзингни узасан - кейин олиб кетасан!”, деяпти. Биз бу корхонага самолетга олинган 50 минг рубл билетни пулини беришимиз керак экан, кимлардир 100 минг рубл қарз! Бу ерда жами 500-дан ортиқ одам ишлайди, асосан Ўзбекистондан, деди Одилжон.

Муҳожир йигит агентлик томонидан ёлланаётган ишчилар пули йўқлиги сабабли иш берувчи қўяётган талабларнинг барчасига рози бўлиб, улар ҳисобига келаётганини маълум қилди.

Ишчилар уларга иш жойига етиб келиш учун олиб берилган билет нархи 50 минг эмас - 16 минг рубл эканини аниқлашганини айтишди.

Муҳожир йигитнинг иддаосича, маҳаллий касалхона ва поликлиникалар касал бўлмаган ўзбек мигрантларини касалга чиқариб, “даволаш учун” катта миқдорда пул олмоқда, бу пуллар эса иш берувчи томонидан ишчиларга юкланмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги катта комбинатларга Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондан ишчиларни ёллаш билан шуғулланаётган фирмалар фаолиятига эътибор қаратиши керак.

У бу ўртакаш фирмалар олиб келинаётган одам сони ҳисобига ва уларга сарфлаган ҳаражатлар миқдорини ошириш ҳисобига мўмай даромад олаётганини тахмин қилди.

Ўзбекистонлик ишчилар фирмага тўланиши керак бўлган қарзни 3-4 ой ичида узишларини айтиб, “Григорян” рекрутинг компаниясидан паспортларини қайтариб беришни сўрашмоқда.

Олдинроқ Россиянинг Қорачой-Черкес республикасидаги “Южный" Агрокомбинатида Полиз экинларини теришга деб Ўзбекистон Ташқи Меҳнат миграция агентлиги томонидан юборилган 63 нафар ўзбекистонлик ҳеч қандай шарт-шароитларсиз яшашга ва ишлашга мажбурланаётганини маълум қилган эди.

2020 йилга қадар Ўзбекистонда хорижда ишлашга меҳнат мигрантларини ёллаш хусусий бандлик агентликлари шуғулланган. Бироқ мамлакатда рўйхатга олинган 103та хусусий бандлик агентлигидан 50тасининг лицензияси бекор қилиниб, уларнинг қолганлари билан ишга ёлланганлар ўртасида катта можаролар келиб чиқди.

Бунинг ортидан хорижга ишга жўнатиш билан фақат Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги шуғулланиши белгилаб қўйилди.

XS
SM
MD
LG