Ссылки доступа

Камолиддин Раббимов "ИИВ ходимларига бўйсунмаслик"да айбланиб жаримага тортилди


Мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўн йилдан кўпроқ Францияда яшаб, ўтган йили Ўзбекистонга қайтган эди.

17 апрель куни "майда безорилик" ва "ИИВ ходимларига бўйсумаслик"да айбланиб ҳибсга олинган мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимов 18 апрель оқшомида озодликка чиқарилди.

Бу ҳақдаги хабарни унинг ўзи Фэйсбук саҳифасида тасдиқлади.

Раббимов 17 апрель, кечки соат 19 ларда Тошкентнинг Чорсу бозорида ИИВ ходимлари олиб борган рейдга "аралашиб хато қилгани"ни айтган. У ўзига нисбатан жарима белгиланганини тасдиқлаган ва тармоқ фаолларидан "ишни сиёсийлаштирмаслик"ни сўраган.

Ишнинг бошқа тафсилотлари маълум эмас. Камолиддин Раббимовнинг ўзи "қолган тафсилотларни кейинчалик билдиришга ҳаракат қилиши"ни айтган. Раббимовнинг 17 апрель куни ҳибсга олинганини ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов орадан бир кун ўтиб, 18 апрель куни тасдиқлаганди.

ИИВ хабарида "17 апрель куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани «Чақар» маҳалласида ўтказилаётган санитария-профилактик тадбирлар жараёнида, фуқаро К.Р. хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашиб, уларнинг ишига тўсқинлик яратиб, қонуний талабларини бажармагани" айтилади. Аммо бу "асоссиз аралашув" ва "қонуний талаблар"нинг нимадан иборат бўлгани маълум эмас.

ИИВ матбуот котиби Камолиддин Раббимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 (майда безорилик), 194 (Ички ишлар ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ҳамда 195 (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддалари билан материаллар расмийлаштирилгани ва Шайхонтоҳур туман судига юборилганини маълум қилган.

Маҳаллий журналистлар Камолиддин Раббимовнинг ўзига таяниб унга нисбатан 15 суткалик қамоқ жазоси тайинланган ва у Тошкентнинг "Панельний" номи билан билинган маъмурий қамоқхонасига олиб борилганини айтишган.

Раббимовнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларга Масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжонов ҳам муносабат билдирди. У Камолиддин Рабимов атрофидаги вазиятдан ташвишда экани ҳақида ёзди.

Камолиддин Раббимов Ўзбекистондаги кам сонли мустақил сиёсатшунослардан бири. У 2005 йилдаги Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонни тарк этган ва 10 йилдан кўпроқ Францияда яшаб, ўтган йили Ўзбекистонга қайтган эди.

Камолиддин Раббимов 15 апрель куни Озодлик дастурида журналист Анора Содиқовага таҳдид қилингани ҳақидаги хабарларни шарҳларкан, Ўзбекистонда сўз эркинлиги масаласида зиддиятли вазият юзага келганини айтган. У 35 миллион аҳоли яшайдиган мамлакатда суриштирувчи журналистларнинг камлигини таъкидлаганди.

Халқаро матбуот ташкилотлари сўнгги пайтларда президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан ўртага чиққан нисбий сўз ва матбуот эркинлигида ортга кетиш кузатилганини қайд этган.

XS
SM
MD
LG