Қирғизистондан кейин TikTok платформаси Қозоғистонда ҳам блокланиши мумкин. Қозоғистон Ахборот вазирлиги бу масала ўрганилаётганини тасдиқлади.
Вазир Аида Балаеванинг сўзларига кўра, TikTok тармоғида ножоиз контент миқдори нуқул ошиб бормоқда.
Қозоғистонда ҳам ушбу қисқа видеолар хизматини блоклаш болаларни ножўя контентдан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳланмоқда.
ТикТокнинг оммалашаётгани парламент депутатларини ҳам хавотирга солмоқда. Депутат Ерлан Саировнинг таъкидлашича, сўнгги икки йил ичида 14 миллиондан ортиқ қозоғистонлик ушбу ижтимоий тармоққа аъзо бўлди. Унинг айтишича, ТикТок “ёшларни олтин болаликдан маҳрум қилмоқда”.
Бироқ, ТикТок блогер Митя Байназаровнинг фикрича, ушбу тармоқ ҳеч ҳам болалар манфаатларини ҳимоя қилиш учун блокланмаяпти. Тиктокернинг айтишича, расмийлар бутунлай бошқа (сиёсий) мазмундаги видеоларнинг тезда тарқалишидан чўчимоқда, чунки Қозоғистонда ТикТок аудиторияси анча улғайган ва ҳозирда асосан болалардан иборат эмас.
Қисқа видео формати нафақат ТикТок, балким Инстаграм, Facebook ва YouTube платформаларида ҳам оммалашган. Демак, сиёсатшунос Газиз Абишевнинг таъкидлашича, тошаётган сув доимо ўз ўзанини топади.
Аввалроқ, Қирғизистонда МХДҚ талаби билан провайдерлар TikTok'ни блоклашни бошлаган эди. Мутасаддилар бу чорани платформада "контент цензураси бўйича тизимли ва қатъий ёндашув" мавжуд эмаслиги билан изоҳлаган.