Ҳуқуқбон ва "Олға Қозоғистон" партиясини тузиш ташаббускорларидан бири Айдар Сиздиков наркотик савдосида гумонланиб икки ой ҳибсга олинди. Бу ҳақда унинг адвокати Озодлик радиосига маълум қилди.
Адвокатнинг айтишича, Сиздиковга қарши жиноий иш тўлиқ кучишлатарлар томонидан соҳталаштирилган. Унинг айтишича, Иванов исмли шахс Сиздиковдан 3,9 грамм гиёҳвандлик моддаси сотиб олгани ҳақида кўрсатма берган. Пулни у Сиздиковнинг банк картасига ўтказганини айтган.
Бироқ, адвокатнинг таъкидлашича, бу факт жиноий иш тўлалигича уйдирма эканлигига яққол далилдир. Сиздиков 2021 йилда "экстремистик ташкилот сафида фаолият кўрсатгани учун" уч йилга озодликдан маҳрум қилинган ва суд унинг ҳамма банк ҳисоб рақамларини блоклаб қўйган.
“Суд қарорига кўра, Сиздиков банк картасига эга бўла олмайди ёки картадан фойдалана олмайди. Демак, бу иш уйдирмадир, мен буни сиёсий таъқиб деб баҳолайман”, дейди адвокат.
Сиздиков 16 май куни Остонада ҳибсга олинган эди. Унинг хотини
Ойгул Токпаеванинг айтишича, ўзини наркотикка қарши кураш бошқармаси ходимлари деб таништирган шахслар уларнинг уйида тинтув ўтказган.
“Айдар Сиздиковни ҳеч қандай далил келтирмасдан олиб кетишмоқда. Улар ҳеч нарса топа олишмади. Ҳибсга олиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Бу сиёсий таъқиб, босим”, деган эди Токпаева видеомурожаатида.
Айдар Сйздиқов Қозоғистонда сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан бир неча бор тинч намойишларни уюштирган сиёсий фаол ва ҳуқуқбондир. Расмийлар мамлакатда сиёсий маҳбуслар мавжудлигини рад этади.
У шунингдек, “Олға, Қозоғистон!” мухолифат партиясини тузиш ташаббускор гуруҳининг аъзосидир. У ўз сафдошлари билан бирга партияни рўйхатга олишни сўраб Адлия вазирлигига камида йигирма марта ҳужжат топширган ва доимо рад жавобини олган. Партия етакчиси, марафончи Марат Жиланбоев "экстремизмда" айбланиб етти йилга қамалган эди.
Март ойида Сиздиков бир йил аввалги тадбирда қатнашгани учун 15 суткага қамалган эди.
Айдар Сйздиқов Қозоғистонда сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан бир неча бор тинч намойишларни уюштирган сиёсий фаол ва ҳуқуқбондир.