Қозоғистон Марказий Осиё давлатларидан, хусусан, Тожикистондан келган муҳожирлар устидан назоратни кучайтирди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг тожик хизмати хабар бермоқда.
Озодликка шикоят қилаётган тожикистонлик муҳожирларнинг айтишича, маҳаллий полиция марказий осиёликларни тўхтатиб текширишни ва рейдлар қилишни бошлаган. Баъзи муҳожирлар қўлга олиниб, депортация ҳам қилинмоқда.
“Ҳатто вақтинчалик яшаш ижозати бўлганлар ҳам депортация қилинган”, дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.
7 май куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга бораётган фуқароларни барча ҳужжатлари тўғри бўлиши кераклиги ҳақида огоҳлантирган. ТИВ маълум қилишича, Қозоғистон аэропортларида кучайтирилган хавфсизлик чоралари жорий этилган.
Аввалроқ Қозоғистон полицияси Улитау вилоятида ишлаган 16 нафар муҳожир депортация қилингани ҳақида хабар берган эди . Улардан тўққиз нафари Тожикистон, етти нафари эса Ўзбекистон фуқаролари бўлган.
Апрель ойида Тожикистон ТИВ Россияга бормай туришни тавсия қилган эди.
Вазият Тожикистон фуқаролари содир этганликда айбланаётган Крокус залидаги теракт билан боғлиқ деб тахмин қилинмоқда.
Крокус Сити Холлга ҳужум ортидан ксенофобия ва марказий осиёлик муҳожирларга қарши кайфият кучайди. Муҳожирларнинг айтишича, уларни полиция ёки Миллий гвардия тўхтатиб, ФСБ вакиллари билан "суҳбатлашиш учун" олиб кетишган. Бундан ташқари, полиция муҳожирлар яшайдиган ётоқхоналарга бостириб кирмоқда.
Терактдан сўнг кўплаб мамлакатларда тожикистонликларга муносабат ўзгарди. Яқинда Грузия чегарачилари бир неча тожик фуқароларини мамлакатга киргизмади. Туркия ҳам Тожикистон билан визасиз режимни бекор қилди.
Вазият Тожикистон фуқаролари содир этганликда айбланаётган Крокус залидаги теракт билан боғлиқ деб тахмин қилинмоқда.