Ссылки доступа

Шимолий Корея янги ракета синовларини ўтказди


БМТ резолюциялари Шимолий Кореяга ҳар қандай масофадаги ядровий баллистик ракеталарни синовдан ўтказишни тақиқлайди. Бироқ, йил бошидан бери у 50 дан ортиқ бундай синовларни ўтказди.

Шимолий Корея Япон денгизи томон қисқа масофали баллистик ракета учирди, деб хабар берди «Ёнҳап» агентлиги 17 ноябрь, пайшанба куни Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб. Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси ракета тахминан 240 км масофани босиб ўтганини ва 45 км баландликка етганини айтди.

КХДР томонидан ўтказилган синовлар Япония Мудофаа вазирлиги томонидан ҳам тасдиқланган. Тахминларга кўра, ракета Корея яримороли шарқидаги сувларга тушган.

«Шимолий Корея баллистик ракеталарининг кетма-кет учирилиши нафақат Корея яриморолида, балки халқаро ҳамжамиятда тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи жиддий провокацион ҳаракатлар, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини очиқдан очиқ бузишдир», - дейилади Жанубий Корея ҳарбийлари баёнотида.

БМТ резолюциялари Шимолий Кореяга ҳар қандай масофадаги ядровий баллистик ракеталарни синовдан ўтказишни тақиқлайди. Бироқ, йил бошидан бери Пхенян аллақачон 50 дан ортиқ бундай синовларни ўтказган. У охирги марта 9 ноябрь куни қисқа масофали баллистик ракетани учирди.

Ракета учирилишидан бироз олдин Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Чхве Сонг Хе Шимолий Корея АҚШнинг КХДРни тийиб туриш ҳамда Вашингтон ва унинг иттифоқчиларининг минтақадаги ҳарбий фаоллигини кучайтириш сиёсатига тўғридан тўғри мутаносиб жавоб бериши ҳақида огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG