Ссылки доступа

"Кўча"га қарши рейдлар: "Зики" қамоқда, "Саидазиз медгородок"ка янги айб қўйилди


"Кўча"га қарши рейдлар. Озодлик
"Кўча"га қарши рейдлар. Озодлик

Ўзбекистонда “Долзарб қирқ кунлик” номи берилган оммавий ҳибсга олишлардан 5 ой вақт ўтиб, яна бир жиноий авторитет қамоққа ташланди.

Озодлик манбаларининг билдиришича, Тошкент суди “Зики эски шаҳар” лақаби билан танилган Лутфулла Умаровни 6 йилу 2 ой қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Бу ҳақда расман хабар қилингани йўқ, аммо Умаровнинг ҳибсга олингани ҳақида Тошкент ИИББ ўтган йил 25 декабрида хабар берган эди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтохур туман судида ўтган маҳкамани кузатган фаолларга кўра, Умаров гиёҳванд ва психотроп моддаларни тайёрлаш, сақлаш ва сотишда айбдор топилган.

52 яшар Умаров “Бахти Ташкентский”, “Саидазиз медгородок”, “Бохо завхоз” лақабли бошқа йирик криминал авторитетлар билан бир вақтда ҳибсга олинганди.

Айни пайтда исмини сир сақлашни сўраган адвокатларнинг Озодликка билдиришича, “Саидазиз медгородок” лақабли Саидазиз Саидазимовга ҳам “жиноий уюшма ташкил этиш” айби қўшилган.

Жиноят олами етакчилари экани айтиладиган бу шахслар ўтган йил ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонда ўтказилган “кўча”га қарши йирик рейдлар давомида қўлга олинган эди.

Расман “Криминоген вазиятни яхшилаш учун” деб изоҳланган “Долзарб 40 кунлик” доирасидаги рейдларда криминал авторитет сифатида номи чиққан шахслар қўлга олинган.

Улар орасида “Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев, Тошкент "смотряшчий"си сифатида номи чиққан Аббосхон Хўжаевлар бор.

Тошкент шаҳри судлари матбуот хизмати берган хабарига биноан, 19 март куни Салим Абдувалиев устидан ҳукм ўқилган ва у 6 йилга қамалган.

“Зики эски шаҳар”ни яқиндан таниган тошкентлик ишбилармонга кўра, бу криминал шахс 1990 - 2003 йилларда Тошкентда “положенец” рутбасига эгалик қилган.

“Зики” деган авторитет чорсулик эди. Ўзбекистонда ягона бўлган ўз вақтида. 90- йилларнинг бошларидан 2003-йилларгача “кўча”да донғи кетганлардан бири бўлган. Россия томонидан унга ўғрилик бўйича диктовка қилишган. У вақтларда Россиядаги “действуюшчий вор”лар Тошкентдаги жиноий гуруҳларга раҳбарлар ва авторитетларни сайлашарди. Бу ердаги ўғрилар бу ердан топган пулидан Россиядагиларга улуш беришарди. “Зики” улар билан ишларди. Ундан кейин Тошкентга Аббос хўжа “смотряшчий” бўлган, у ҳам ўтган йил декабрда қамалди”, дейди тошкентлик ишбилармон.

Ўтган йил охиридаги рейдларда нафақат Ўзбекистон, балки постсовет ҳудудида йирик криминал авторитет сифатида танилган шахслар қўлга олинган. Улар устидан тергов тафсилотлари жамоатчиликка ошкор этилмаган, суд жараёнлари эса ёпиқ кечган. Озодлик гаплашган адвокат ва ҳуқуқ фаоллари ишга алоқадор барча томонлардан махфийликни сақлаш ҳақида тилхат олинганини айтишмоқда.

Ўтган йил охиридаги ўзбек ҳуқуқ - тартибот идоралари ўтказган рейдлар ҳақида матбуотга ҳисобот берган Тошкент шаҳар ИИББ жами 116 шахсга нисбатан 38 та жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.

27 январь куни Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов 230 дан ортиқ шахс ушлангани ва жавобгарликка тортилганини билдирганди.

2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган рейдлар Ўзбекистонда 1990-йиллар бошидан буён жиноят оламига қарши ўтказилган энг йирик амалиёт бўлган.

Амалиётга нима туртки бўлгани ва алоҳида шахсларнинг жиноят оламидаги роли, шунингдек, ҳокимият, хусусан, куч тузилмалари билан алоқалари борасида кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

Озодликнинг Ички ишларда муқаддам юқори лавозимларда ишлаган манбасига кўра, кейинги пайтларда “жиноят олами”нинг кўчада танилган ёш жангари етакчилари атрофида одам кўпайиб бораётгани ҳуқуқ-тартибот идораларининг назарини тортган эди.

ИИВ “криминоген муҳитни яхшилашга қаратилган бу рейдларга” ойлаб тайёргарлик кўрилгани, қўлга олинган шахслар узоқ вақт кузатувда бўлганини айтмоқда.

Аксарият манбалар, рейд ўтказиш учун шахсан президент Шавкат Мирзиёев кўрсатма берганини ҳам айтмоқда. Аммо, президентнинг ўзи бу ҳақда ҳали баёнот бермади.

XS
SM
MD
LG