Москвадаги Crocus City Hall санъат саройида жума кунги қуролли ҳужумда ҳалок бўлганлар сони 137 кишига етди. 182 киши яраланган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 101 нафар яраланган шифохоналарда қолмоқда, 61 нафари амбулатория шароитида даволанмоқда.
Тергов қўмитаси концерт залидаги отишма ва ёнғин натижасида 137 киши, жумладан уч нафар бола ҳалок бўлганини маълум қилди. 62 жасад бўйича аниқлик киритилган. Қолган қурбонларнинг шахсини аниқлаш учун генетик экспертиза ўтказилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ўлимга ўқ жароҳатлари ва ёнғин пайтида ажраб чиққан заҳарли моддалардан заҳарланиш сабаб бўлган, дея қўшимча қилди Тергов қўмитаси.
11 киши ҳибсга олинганини маълум қилган, улардан тўрт нафари қуролли ҳужумга тўғридан-тўғри алоқадор дея айтилмоқда.
"Исломий давлат" гуруҳи бу ҳужумни уюштирганини даъво қилган.
Crocus City Hall санъат саройидаги жума кунги воқеа Россияда 2004 йилда Беслан мактаби қамал қилинганидан кейин содир бўлган энг қонли ҳужум бўлди.
Отишма бошланганда Crocus City Hall санъат саройи томошабинлар билан гавжум эди.